Ўтган 2024 йил давомида Марказий банк ва тижорат банкларида бошқарув раислари ва раис ўринбосарлари ўзгарди. “Bankers.uz” нашри 2024 йил давомида Ўзбекистон банкларида амалга оширилган тайинловлар ҳақида маълумот беради.
Марказий банк
2024 йилда Марказий банкка янги бошқарув раиси ва бошқарув раиси ўринбосари тайинланди.
Ўтган йилнинг 11 декабрь санасида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов лавозимидан озод этилди. Нурмуратов ўрнига Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов Марказий банк раиси этиб тайинланди.
2024 йил октябрь ойида Марказий банк Валютани тартибга солиш ва тўлов баланси департаменти директори ─ Аброр Мирзо Олимов Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Унинг зиммасига халқаро ҳамкорлик, валютани тартибга солиш, халқаро захираларни бошқариш, қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш, молия-иқтисодни юритиш, амалиёт фаолиятига раҳбарлик вазифалари юклатилди. Шунингдек, у Республика Валюта биржаси ишини мувофиқлаштириши белгиланди.
2019 йилдан Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Бобир Абубакиров эса сентябрь ойидан Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманига ҳоким бўлди.
Марказий банк ҳудудий бошқармалари
Ўтган йил давомида Марказий банкнинг 4 та вилоят Бош бошқармасига бошлиқ тайинланди. Жумладан, Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи Шерзод Хаджизадаев январь ойининг охирида ўз лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига 2018 йилдан мазкур Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Даврон Исматов Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи бўлди.
2022 йилдан "Агробанк" АТБ Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Салоҳиддин Ботиров май ойида Марказий банкнинг Жиззах вилояти Бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2019 йилдан бери ишлаган Султонбек Алишев ўрнини эгаллади.
2024 йил февраль ойидан Асакабанкда департамент директори лавозимида ишлаб келган Бекзод Сулайманов ноябрда Марказий банк Наманган вилоят Бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тасдиқланди.
"Микрокредитбанк" АТБ Сурхондарё вилоят минтақавий филиали бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Раджабов Азамат Жўраевич ўтган йил июлида Марказий банкнинг Сурхондарё вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Агробанк
Май ойида "Агробанк" акциядорлик тижорат банки бошқарувининг тегишли қарорига асосан Фарход Насриев банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Ф.Насриев тайинловга қадар, "Агробанк" АТБ Риск менежменти департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
Hamkorbank
Ноябрь ойида "Hamkorbank" АТБ бошқарувининг янги таркиби эълон қилинди. Унга кўра, банк бошқаруви аъзолари ─ Шерзодбек Мухитдинов, Алишер Мухтаров ҳамда Мухитдин Арсланов лавозимидан озод қилинди ва уларнинг ўрнига Шерзодбек Мамасалиев (бошқарув раиси ўринбосари), Азиза Ибрагимова ҳамда Акмалжон Махмудовлар (бошқарув аъзоси) киритилди.
Ипотекабанк
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ипотека банк бошқаруви раиси Элёр Иномжонов ўрнига грузиялик мутахассис – Сандро Ртвеладзе раис этиб тайинланди. Э.Иномжонов бошқарув раиси ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. 2024 йил охирига келиб, Ипотека банк бошқаруви раисига иккита янги ўринбосар ─ белоруслик Дмитрий Волчек ҳамда грузиялик Ираклий Элашвили тайинланди.
Бизнесни ривожлантириш банки
Май ойида "Асакабанк" АЖ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида 5 йилдан буён ишлаб келаётган Бахромхўжа Шарипов "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
2001-2023 йилларда Ўзсаноатқурилишбанк тизимида ишлаган, 2023 йил ноябрь ойдан Бизнесни ривожлантириш банки Молия бош директори сифатида фаолият юритаётган Ойбек Вохидов БРБ бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
2024 йил февралидан Бизнесни ривожлантириш банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, аввалроқ бошқарув раиси бўлиб ишлаган Алишер Муратов эса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзсаноатқурилишбанк
Банкнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Санжар Абдувалиев ҳамда Асакабанкда Пул муомаласи ва валюта айирбошлаш амалиётлари бошқармаси бошлиғи лавозимида Даврон Умаровлар январ ойида Ўзсаноатқурилишбанк бошқаруви раиси ўринбосари в.б. сифатида тайинландилар, кейинчалик, октябрь ойида мазкур лавозимга расман тасдиқландилар.
Асакабанк
2023 йил июнь ойидан бери "Асакабанк" АЖ Бошқарувчи директори (Чакана бизнес бўйича) лавозимида ишлаб келаётган Бекзод Тангматов август ойида мазкур банк бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди. 2020 йилдан Асакабанк бошқарув раиси ўринбосари сифатида ишлаб келган Бунёд Мамаджанов эса Тошкентнинг Учтепа туманига ҳоким этиб тайинланди.
Микрокредитбанк
2022 йилдан буён Туронбанк бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шахло Ибрагимова 2024 йил сентябрида "Микрокредитбанк" АТБ бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
2022 йилнинг март ойидан "Микрокредитбанк" АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмал Ҳамидов ўз аризасига биноан мазкур лавозимни тарк этди. А. Ҳамидов фаолиятини хусусий сектордаги йирик лойиҳада давом эттириши айтилди.
Алоқабанк
2018 йилдан АТ "Алоқабанк"да департамент директори лавозимида ишлаб келаётган Жўрабек Ўроқов 2024 йилнинг май ойида банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди.
Ипак йўли банки
2024 йилнинг январь ойида Жавхар Саидкамолов ҳамда Бахтиёр Алимовлар "Ипак Йўли" банки бошқаруви раиси ўринбосарлари этиб тайинланди. Ж.Саидкамолов рискларни бошқариш ва комплаенс, Б. Алимов эса чакана банк хизматлари йўналишига раҳбарлик қилиши белгиланди.
Asia Alliance Bank
Asia Alliance Bank'нинг М.Улуғбек филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган Умиджон Абдуазимов май ойидан ушбу банк бошқаруви раиси этиб тасдиқланди.
2020 йилдан буён "Asia Alliance Bank" АТБ Амалиёт бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Акмал Мансуров банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди.
Инфинбанк
2024 йилнинг январь ойида йил бошидан "Invest Finance Bank" АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажариб келган Ольга Нуманова ушбу лавозимга расман тасдиқланди. Шунингдек, 2020 йилдан буён бошқарув раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёржон Джураев раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига, 2018 йилдан буён Ғазначилик департаменти директори бўлиб ишлаган Руслан Каримов раис ўринбосари лавозимига тасдиқланди.
Сентябрь ойида эса Асакабанкда департамент директори бўлиб ишлаб келаётган Равшанбек Кадиров "Invest Finance Bank" АЖ раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Йил бошида бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Бахтиёржон Джураев раис маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттириши айтилди.
Пойтахтбанк
2016 йилдан АТ "Алоқабанк" бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Хасан Рахматов 2024 йилнинг январь ойида "Пойтахт банк" АЖ бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланди.
2024 йилнинг август ойида эса Дўстбой Абжалов "Пойтахт банк" АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Туронбанк
“Туронбанк” АТБ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азиз Ташев 2024 йилнинг май ойида лавозимидан озод қилинди. Август ойида унинг ўрнига 2019 йилдан "Туронбанк" АТБ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Султан Калдибаев бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тасдиқланди.
Шунингдек, 2022 йил май ойидан "Туронбанк" АТБ Молия масалалари директори лавозимида ишлаб келаётган Тохиржон Ахмедов ўтган йил май ойида мазкур банк бошқарув раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Uzum Bank
2021 йил ноябрь ойидан "Uzum Bank" АЖ Юридик департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган Василий Зобов 2024 йилнинг август ойида ушбу банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди.
Mybank
Ўтган йилнинг 6 апрель куни Улуғбек Таваккалов mybank (собиқ Мадад Инвест банк) акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси этиб тасдиқланди. 7 ойлик раҳбарликдан сўнг, ноябрь ойи бошида у банк бошқарувидан кетди. Унинг ўрнига бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Сафарали Рахматуллаев бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шу билан бирга, 2019-2023 йилларда "Пойтахт банк" АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган Маджид Тахиров апрель ойидан "Мадад Инвест банк" АТБ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Кейинчалик, М.Тахиров ҳам лавозимини тарк этди.
Тенге банк
2021 йил март ойидан "Tenge Bank" АТБ бошқарув раиси лавозимида ишлаб келган Талгат Аюпов март ойидан лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига эса Бейбит Фалеев тайинланди.
APEXBANK
2023 йил июль ойидан Аsia Alliance Bank бошқаруви раиси бўлиб ишлаб келаётган Сергей Гимадиев ўтган йил май ойидан ўз фаолиятини "APEX BANK" АЖ бошқарувида давом эттирадиган бўлди.
Ўтган йилнинг 22 август санасида Моҳамад Мрад Талал АPEXBANK бошқарув раиси ўринбосари ─ Таваккалчиликни бошқариш бўйича директор ва Банк бошқаруви аъзолигига тасдиқланди.
Шунингдек, 2021-2023 йилларда Uzum Bank бошқаруви раиси биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Шароф Икрамов ҳамда 2022-2024 йилларда мазкур банкда бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Тимур Эмирсалиевлар октябрь ойида "Apex Bank" АЖ бошқаруви раисига ўринбосарлар этиб тайинланишди.
Гарант банк
"Гарант банк" АЖ Кузатув кенгашининг ўтган йил 4 ноябрдаги қарори "Octobank" АЖ Амалиёт бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Кодир Адилов Гарант банк бошқарув раиси этиб тасдиқланди.
Ziraat Bank
2004 йилдан "Ziraat Bank Uzbekistan АЖ (собиқ UTBANK) тизимида турли лавозимларда ишлаб келган Ойбек Эшмурзаев 2024 йил июлидан ушбу банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
HAYOT BANK
2023 йилнинг май ойидан "HAYOT BANK" АЖ бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Одил Пўлатов 31 июлда мазкур банк бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланди. О. Пўлатов март ойидан банк бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида ҳам фаолият юритиб келаётган эди.
Шунингдек, aвгуст ойида "HAYOT BANK" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб Ойбек Ашуров тайинланди. У банкда чакана ва корпоратив бизнес, транзакцион банкинг ҳамда маркетинг йўналишларига раҳбарлик қилиши белгиланди. Шунингдек, 2023 йилнинг май ойидан "HAYOT BANK" АЖ Чакана бизнес департаменти директори лавозимида ишлаб келаётган Элдор Собиров июль ойига келиб, мазкур банк бошқаруви раиси ўринбосари бўлди.
Евроосиё банки
Январь ойида лицензия олган "Евроосиё банки" АЖ бошқаруви раиси этиб қозоғистонлик банк мутахассиси Канат Абеуов тайинланди. Июль ойига келиб, Канат Абеуов ваколатларини муддатидан олдин тугатди ва ушбу лавозимга Нурлан Токобаев тайинланди.