Tenge Bank'да бошқарув раиси ўзгарди

Tenge Bank'да бошқарув раиси ўзгарди

Бейбит Фалеeв / Фото: Tenge Bank

"Tenge Bank" АТБ бошқаруви раиси Талгат Аюпов жорий йил 20 март санасида ўз лавозимини тарк этди. Банк бошқаруви раиси лавозимига Марказий банк билан келишилгандан сўнг Бейбит Фалеев тайинланади.Бу ҳақда банк матбуот хизмати "Bankers.uz"га маълум қилди.

Талгат Аюпов / Фото: Tenge Bank

Талгат Аюпов 2021 йил март ойидан "Tenge Bank" АТБ бошқаруви раиси лавозимини эгаллаган эди. Унинг раҳбарлигида банк активлари, кредит портфели, мижозларни молиялаштириш ва соф фойда бўйича банк кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсди. Хусусан, 2021 йил охиридан 2024 йил бошигача бўлган даврда банк активлари ва кредит портфели 2 баробардан, депозит базаси эса 5 баробардан ортиқ ўсди. Банк филиаллари тармоғи республикадаги 3 тадан 9 тагача кенгайтирилди. “Halyk bank” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари, “Tenge Bank” АТБ Кузатув кенгаши раиси Мурат Кошенов Талгат Аюповга амалга оширилган ишлар учун алоҳида миннатдорчилик билдирган.

Бейбит Фалеeв - 1979 йилда туғилган. 2001 йилда Қозоғистон Молия-иқтисод университетини “Молия-кредит” мутахассислиги бўйича, 2006 йилда Қозоғистон гуманитар-юридик университетини “Юриспруденция” йўналиши бўйича тамомолаган. 2008 йилда Халқаро бизнес академияси (Остона)да магистрлик даражасини олган . Б.Фалеев банк тизимидаги фаолиятини 2001 йилнинг май ойида бошлаган. 2003 йил август ойида "Қозоғистон Халқ банки" ОАЖда иш бошлаган, турли даврларда банкнинг Павлодар вилояти филиали директори ўринбосари, Экибастуз вилояти ва Манғистау вилоят филиаллари директори лавозимларида ишлаган. 2016 йил июль ойидан буён “Казкоммерцбанк” АК ва “Halyk Bank” АЖ муаммоли кредитлар департаменти директори лавозимларида ишлаган. 2022 йил март ойидан “Halyk Group” шўъба корхоналари ҳисобланган “КУСА Halyk” МЧЖ ва “Halyk Актив” МЧЖ Кузатув кенгаши аъзоси сифатида ишлаб келади.

Бейбит Фалеев 2015 йилда "Қозоғистон молиячилар ассоциацияси"нинг "Энг яхши молиячи" жамоат мукофоти билан тақдирланган.

×