Фото: Отбасы банк
Нурлан Турсунбекович Токобаев \"Евроосиё банки\" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланган. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.
Банк кузатув кенгашининг тегишли қарорида, Нурлан Токобаев номзоди Марказий банк томонидан тасдиқланган кундан эътиборан амалдаги бошқарув раиси Канат Абеуовнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиши кўрсатилган.
Нурлан Токобаев 1974 йилда Қозоғистонда туғилган. 1995 йилда Қозоғистон давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Маълумотларга кўра, у меҳнат фаолияти фаолияти давомида бир неча йил (2006-2013 йиллари) Ўзбекистоннинг Кредит-Стандарт банки (2013 йил фаолияти тугатилган) бошқарув раиси ҳамда Кузатув кенгаши раиси лавозимларида ишлаган. Шунинглек Н.Токобаев \"Астана-Финанс\" АЖ Бошқарув раисининг маслаҳатчиси, \"Қозоғистон Ипотека Компанияси\" АЖ Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, \"Қозоғистон Ипотека компанияси\" АЖ Директорлар кенгаши аъзоси - Мустақил директор, \"Kazakhstan Project Preparation Fund\" МЧЖ Кузатув кенгаши аъзоси, \"Advance Bank of Asia\" (Камбоджа), \"Визор Капитал\" АЖ (Қозоғистон) Директорлар кенгашининг мустақил директори сифатида ҳам фаолият юритган.
Айни пайтда у \"Отбасы банк уй-жой қурилиш жамғарма банки\" АЖ мустақил директори ҳам ҳисобланади.
\"Евроосиё банки\" АЖ (АО \"Евразийский банк\") - Қозоғистоннинг 29 йиллик ривожланиш тарихига эга ижтимоий аҳамиятга эга тижорат банки ҳисобланади. У активлари бўйича мамлакатнинг энг йирик банклари ўнталигига киради, чакана банк бозорида етакчи ўринни эгаллайди, корпоратив мижозлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун кенг кўламли хизматлар кўрсатади. Қозоғистон Республикаси ҳудудида банкнинг 19 та ҳудудий филиали ва 119 та касса бўлими мавжуд. Банк ERG (Eurasian Group, Евросиё молия компанияси) гуруҳи экотизимига (минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги дунёдаги энг йирик компаниялардан бири) киради.
Аввалроқ, \"Евроосиё банки\" АЖ бошқаруви раиси этиб Канат Абеуов тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил бошида Марказий банк Қозоғистоннинг \"Евроосиё банки\"га Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берганди ва рўйхатга олганди.