Президент Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов номзодини Олий Мажлис Сенатига тақдим этди. Аввалроқ, Мамаризо Нурмуратов ушбу лавозимдан озод қилингани ҳақида хабар берилганди.
Тимур Аминджанович Ишметов 1979 йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтининг "Молия ва кредит" факультетини тамомлаган. 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 2008 йилда Буюк Британиянинг Бирмингем университетида магистр даражасини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида қуйидаги лавозимларда ишлаган:
- 2000—2001 йилларда Марказий банкнинг валюта операциялари махсус бўлимининг етакчи иқтисодчиси,
- 2001—2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки валюта айирбошлаш ва ташқи алоқалар бўлими бошлиғи,
- 2004—2009 йилларда Марказий банкнинг Халқаро захираларни бошқариш бўлими бошлиғи,
- 2009—2010 йилларда Марказий банкнинг Ички бозор операциялари департаменти директори,
- 2010—2017 йилларда Марказий банкнинг валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти директори,
- 2017 йилда қисқа муддат Давлат инвестиция қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари,
- 2017—2019 йилларда Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари,
- 2019—2020 йилларда Молия вазирининг биринчи ўринбосари,
- 2020—2022 йилларда — Ўзбекистон Республикаси молия вазири.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши эртага, 2024 йил 12 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган.