Фото: Bankers.uz
Улуғбек Таваккалов "Мадад Инвест банк" бошқаруви раиси лавозимидан кетди. Бу ҳақда банк томонидан очиқ маълумотлар порталида хабар берилди.
Улуғбек Таваккалов жорий йилнинг апрель ойида Мадад Инвест банк бошқаруви раиси этиб тайинланган эди. Ноябрь ойининг бошида томонлар келишуви билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Bankers.uz нашри Таваккалов билан суҳбатлашиб, вазиятга аниқлик киритди. Собиқ банк раисининг сўзларига кўра, у ўз хоҳишига билан бошқарувдан кетган ва ҳозирда “mybank” маслаҳатчиси лавозимида ишламоқда.
Улуғбек Таваккаловнинг ўрнига бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Сафарали Рахматуллаев бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Маълумот учун, Таваккалов Мадад Инвест Банк бошқарувига келгунга қадар (2021-2024 йилларда) “Тенге Банк” бошқарув раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Ундан олдин эса, 18 йил давомида “Ўзсаноатқурилишбанк"да турли лавозимларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадад Инвест банк "mybank" бренди остида хизмат кўрсатишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик.