Ипотека банк бошқаруви раисига янги ўринбосарлар тайинланди

17.12.2024 16:50

357

Ипотека банк бошқаруви раисига иккита янги ўринбосар — белоруслик Дмитрий Волчек ҳамда грузиялик Ираклий Элашвили тайинланди. Икки мутахассис ҳам Европа ва Осиёда бир нечта йирик компания ва банкларда, хусусан, И.Элашвили Hamkorbank кузатув кенгашида ҳам фаолият юритган.

Дмитрий Волчек ва Ираклий Элашвили /Фотоколлаж: Bankers.uz

2024 йилнинг 5 декабрь куни Ипотека банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда электрон овоз бериш йўли билан Ипотека банк бошқаруви таркибидаги ўзгаришлар тасдиқланди

Хусусан, банк акциядорларининг қарорига кўра, Ипотека банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимларига Дмитрий Волчек ҳамда Ираклий Элашвили тайинланди.

Маълумот учун, Дмитрий Волчек Беларуссия Иқтисодиёт университетини ҳамда Беларуссия ахборот технологиялари институтини, шунингдек, Вена Иқтисодиёт университетининг магистратура босқичини (Master of Siencе) тамомлаган. 

Дмитрий Волчек меҳнат фаолияти давомида Priorbank, Raiffeisen Group, Bank Dabrabyt, Беларус Миллий банки, Web Pay’да турли лавозимларда ишлаган. У банк ва молия бошқаруви соҳасида 20 йиллик тажрибага эга. Дмитрий Волчек шу кунга қадар 50 дан ортиқ лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшган

Яна бир ўринбосар ─ Ираклий Элашвили 2002 йилда Тбилиси давлат университетининг бакалавр босқичини, ундан сўнг London Business School'нинг магистратура босқичини (Master of Business Adminstration) тамомлаган. Элашвили 19 йиллик тажрибага эга мутахассис бўлиб, меҳнат фаолияти давомида Barclays Capital Bank, Alpha Capital Advisory, FINCA Bank, Hamkorbank (Кузатув кенгаши аъзоси сифатида), TBC Capital Georgia каби компанияларда турли лавозимларда ишлаган.

Юқоридаги қарор билан Ипотека банк бошқаруви раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Маҳмуд Абдурахманов ҳамда Умиджон Ҳакимовлар лавозимидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, бошқарув раисининг янги ўринбосарлари Марказий банкнинг тегишли розилиги олингунга қадар ушбу вазифаларни вақтинча бажаради. Марказий банкнинг розилиги олингандан сўнг, лавозимга расман тасдиқланган ҳисобланади.

Теглар:

#ипотека-банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган