2024 йилнинг банк-молия соҳасига оид энг муҳим воқеалари сарҳисоби

27.12.2024 16:15

616

Bankers.uz нашри ниҳоясига етган 2024 йил давомида банк-молия тизимида юз берган энг муҳим воқеаларни яна бир бор эслаб ўтади.

Фото: Bankers.uz

Bankers.uz нашри яқинда ниҳоясига етган 2024 йил давомида Ўзбекистон банк-молия тизимида содир бўлган энг муҳим, диққатга сазовор ва тарихий аҳамиятга эга воқеаларни яна бир бор ёдга олиш мақсадида, уларни бир материалда жамлади ва эътиборингизга ҳавола қилади.

Қозоғистоннинг "Евросиё банки" Ўзбекистонда шўъба банкини очди

2024 йил тижорат банклари сони биттага кўпайган ҳолда бошланди. Гап Қозоғистоннинг "Евросиё банки" Ўзбекистонда шўъба банкини очгани ҳақида бормоқда. Йил охирига келиб, "Untitled Bank" номи остида ходимларни рекрутинг қилаётган лойиҳа Евроосиё банкига тегишли экани маълум бўлди

Агробанк янги — "Agrobank Mobile" номли мобил иловасини ишга туширди

Агробанк қулай интерфейсли ва кўпроқ хизматлардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган янги иловаси — "Agrobank Mobile"ни ишга туширди. Банк ўзининг эски иловасидаги хизматлардан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатган ҳолда, мижозларга янги иловани тарғиб қила бошлаган.

Санкция остидаги шахслар Ўзбекистон банкларида ҳисобварақ очиши тақиқланишига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди

Қонун лойиҳасига кўра, кредит ва тўлов ташкилотларига иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талаблар доирасида мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи берилади. Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур нормаларни кўзда тутувчи лойиҳани биринчи ўқишда маъқуллаганди.

Бир нечта банк молиявий лизинг билан шуғулланувчи шўъба корхоналарни очди

Банклар фаолият тури "молиявий лизинг" деб кўрсатилган, масъулияти чекланган жамият шаклидаги шўъба корхоналарни очди. Хусусан, Халқ банки "Xalq Lizing" МЧЖ, ANORBANK "ANOR ASSETS" МЧЖ ҳамда Garant bank "GARANTINVEST" МЧЖ номли корхоналарини очганлигини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг қатор банклари Contact халқаро пул ўтказмаларини тўхтатди

Россия Марказий банки томонидан "QIWI bank" лицензияси олиб қўйилиши ортидан, унга тегишли Contact халқаро пул ўтказмалари тизими фаолияти ҳам чекланди. Ўзбекистон банклари ҳам ушбу тизим бўйича амалиётлар бажариш тўхтатилганини маълум қилди.

Халқ банки ва Микрокредитбанк устав капитали оширилиши бўйича Президент қарори қабул қилинди

Президентнинг 2024 йил 2 апрелдаги ПҚ-149-сонли Қарорига кўра, мақсадли дастурларни молиялаштириш учун республика бюджетидан Халқ банкига йўналтириладиган 2,027 трлн сўм ва Микрокредитбанкка йўналтириладиган 790 млрд сўм, шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ушбу банкларга мос равишда йўналтириладиган 1,837 трлн сўм ва 1,233 трлн сўм миқдоридаги маблағлар банкларнинг устав капиталини оширишга йўналтирилади.

Марказий банк "United Fintech" тўлов тизими оператори фаолиятини олти ойга чеклади

Марказий банк "United Fintech" номи билан фаолият юритувчи "Qulay Pul" МЧЖнинг тўлов тизими оператори сифатидаги фаолиятини олти ой муддатга чеклади. Бунга компаниянинг лицензия олган вақт — 2021 йил ноябрь ойидан буён ишга тушмагани сабаб бўлганди.

"UZPAYNET" МЧЖдаги давлат улуши сотилгани маълум бўлди

2022 йил Давактив томонидан сотилиши эълон қилинган "UZPAYNET" МЧЖдаги 100 фоизлик давлат улуши "New Industrial Technologies" компаниясига сотилгани маълум бўлди. Устав жамғармаси 273,5 млрд сўм бўлган "New Industrial Technologies" МЧЖга иккита жисмоний шахс эгалик қилади.

UZCARD ва HUMO терминалларининг интеграцияси бошланди

2024 йил 1 апрелдан бошлаб 250 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналаридаги PAX A930 (оқ рангли) терминаллари HUMO карталарини ҳам қабул қила бошлади. Ўз навбатида HUMO тўлов тизими ҳам синов режимида "Makro" ҳамда "Korzinka" тармоқларида ўрнатилган HUMO пин-падлари орқали UZCARD карталаридан тўлов қабул қилиш бошланганини маълум қилди.

Тижорат банклари пойтахтдаги 100 та маҳаллада кутубхона очди

Жами 15 та тижорат банки Тошкент шаҳрининг турли туманларида жойлашган 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этди. Бу ҳақда Президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметов X (собиқ Твиттер) тармоғида маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, банклар китобхонлик фаоли Шаҳноза Наврўзованинг Бухоро вилояти Олот туманидаги кутубхонасидан илҳомланиб, ушбу ташаббусга қўл урган ва кутубхоналар 1 майдан бошлаб кетма-кет ишга туширилди

HUMO тўлов тизими хусусийлаштирилиши бошланди

Президент қарорига асосан Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тўлов тизими)даги 100 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилди. Сентябрь ойи охирида HUMOни хусусийлаштириш жараёни иккинчи босқичга ўтгани маълум бўлди. Иккинчи босқичга 6 нафар талабгор ўтган.

ANORBANK Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини яратиш бўйича келишув имзолади

Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки гуруҳи йиллик анжуман йиғилишида иштирок этаётган ANORBANK вакиллари бир нечта муҳим келишувларга эришди. Хусусан, ANORBANK ва Хусусий секторни ривожлантириш Ислом корпорацияси (ХСРИК) Ўзбекистонда биринчи Ислом банкини ташкил этиш лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзолади.

Марказий банк тўртта банкнинг актив ва пассив операцияларини чеклади

Май ойида устав капиталга доир минимал талабни бажармагани учун 4 та тижорат банкининг актив (кредитлаш) ва пассив (депозитлар қабул қилиш) операциялари Марказий банк томонидан чеклаб қўйилди. Ушбу банкларнинг обрўси ва бошқа айрим рискларни ҳисобга олиб, Марказий банк уларнинг номини очиқламаган

Халқ банкининг собиқ бош офиси биноси қарийб 120 млрд сўмга сотилди

24 май куни Халқ банкининг собиқ бош офиси биноси 'e-auksion" платформаси орқали, бўлиб тўлаш шарти билан "Oazis Samarkand" (ягона иштирокчи) компаниясига 119,7 млрд сўмга сотилди. Бино банк Кузатув кенгашининг тегишли қарорига асосан 2024 йилнинг бошида 114 млрд сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилганди

1 июлдан тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари акциядорлик жамиятига айланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини фақат акциядорлик жамияти шаклида яратиш ва юритиш талаби жорий этилди. Шундан сўнг, UZCARD, HUMO, Paynet, Payme, Click каби ташкилотлар бирин-кетин мулкчилик шаклини МЧЖдан АЖга ўзгартирди.

Мадад Инвест банк "mybank" бренди остида хизмат кўрсатишни бошлади

"Мадад Инвест банк" АТБ акциядорлари банкнинг товар белгисини “mybank” номига ўзгартириш бўйича қарор қабул қилди. Шунингдек, йиғилишда банкни моддий ва технологик жиҳатдан янгилаш учун инвестиция киритишга ҳам қарор қилинган. Ребрендингдан сўнг банк рақамли хизмат кўрсатиш йўналишига урғу берган ҳолда нафақат чакана, балки юридик шахслар учун ҳам қулай масофавий тизимларни яратишни режа қилгани айтилганди.

Tashkent City'даги учта банк биноси сотилиши эълон қилинди

"Tashkent City" бизнес маркази ҳудудидаги Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанкнинг янги кўп қаватли бинолари очиқ савдо орқали сотилиши маълум қилинди. Bankers.uz ушбу биноларга оид айрим очиқ ва қизиқарли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни бир жойга тўплаганди.

"Яндекс.Станция" асосчиси TBC Bank Uzbekistan жамоасига қўшилди

"Яндекс" компанияси ва Сбербанкда сунъий интеллект маҳсулотлари яратиш бўйича ишлаган, хусусан "Яндекс.Станция" ақлли мосламаси ғояси муаллифи Константин Круглов TBC Bank Uzbekistan'да Сунъий интеллект билан ишлаш департаменти раҳбари этиб тайинланди. Асли самарқандлик бўлган К.Круглов банк мобил иловасининг имкониятларини сунъий интеллект ёрдамида кенгайтиришга жавобгар бўлиши айтилганди

Uzum экотизими Click тўлов ташкилоти билан бирлашмасликка қарор қилди

Uzum рақамли экотизими Click тўлов ташкилоти билан бирлашмасликка қарор қилгани хабар берилди. Компанияларнинг бирлашиши тўғрисидаги хабарлар роппа роса бир йил олдин пайдо бўлганди.

БАА компанияси Пойтахт банкни сотиб олди

Бирлашган Араб Амирликларининг "Bond Investments limited LLC" компанияси Пойтахтбанкни 10 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Аввалроқ мазкур банкни Россиянинг "Экспобанк" АЖ сотиб олмоқчи бўлган, бироқ халқаро муносабатлардаги вазият туфайли келишув бекор қилинганди.

Асосий ставка 13,5 фоиз даражасига туширилди

Марказий банк Бошқарувининг 2024 йил 25 июлда бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставка 0,5 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгиланганди. 12 декабрдаги йиғилишда эса асосий ставка шу даражада қолидирилиши бўйича қарор қабуд қилинди. Эслатиб ўтамиз, асосий ставка 2023 йил 16 мартдан бери 14 фоиз даражасида сақланиб келаётган эди.

Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил қилиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди

Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари микромолиялаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Янги қонунда микромолия ташкилотларини микромолия банкларига айланиши ва ўз навбатида микромолия банкларини тижорат банклари даражасига кўтарилиши бўйича ҳуқуқий асослар киритилган.

Президент бир неча банк соҳаси вакилларини мукофотлади

Мустақилликнинг 33 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳи мукофотланди. Мукофотланганлар орасида Марказий банк, Агробанк, Бизнесни ривожлантириш банки ва Ўзсаноатқурилишбанк вакиллари ҳам ўрин олган.

Ўзбекистонда Хитой Эксимбанкининг ваколатхонаси аккредитaция қилинди

Ваколатхона мамлакат молия бозорини ўрганиш, давлат органлари ва тижорат банклари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилгани айтилган. Банкнинг ваколатхонаси очилиши йил бошида Президент Ш.Мирзиёев ва Хитой Эксимбанки раиси ўртасидаги музокарада маълум қилинганди.

Марказий банк "UPay" тўлов хизмати фаолиятини вақтинча чеклади

Тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлари) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганлиги сабабли, "UPay" савдо белгиси эгаси ҳисобланган "Maroqand" АЖнинг бир нечта хизматлари 6 ой муддатга чеклаб қўйилди. "UPay" 2022 йилнинг май ойида Humans финтех-экотизими томонидан сотиб олингани маълум қилинганди.

Иссиқкўлдаги учта пансионат Ўзбекистон банкларига берилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Иссиқкўлдаги тўртта пансионатни Ўзбекистонга ўтказиш бўйича халқаро шартномани тасдиқлади. Улардан учтаси Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Асакабанкка фойдаланиш ҳуқуқи ва инвестиция киритиш шарти билан, ер эса ижара асосида берилади.

Микрокредитбанкнинг собиқ бош офиси биноси аукционда 103 млрд сўмга сотилди

Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган Микрокредитбанкнинг собиқ бош офиси биноси аукционда қарийб 103 млрд сўмга сотилди. Харидор "AZIZA CREDO MAX" МЧЖ бўлиб, корхона устав фонди қарийб 8,9 млрд сўмни ташкил қилади.

Автокредитлар миқдори ўтган йилга нисбатан 2,4 баробарга камайди

2024 йилнинг 9 ойида ажратилган автокредитлар ўтган йил мос даврига нисбатан 2,4 баробарга камайиб кетди. Автомобиль ишлаб чиқарувчилар турли чегирмалар беришни, банклар эса паст фоизли автокредитларни таклиф қилишни бошлади

Онлайн кредит ажратилиши бўйича вақтинчалик тартиб жорий этилди

Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида вақтинчалик тартиб жорий этилмоқда. Бу бўйича Марказий банк шарҳ берганди.

Октябрь ойида UZCARD FORUM 2024 бўлиб ўтди

24 октябрь куни Тошкентда йилнинг асосий финтех-тадбирларидан бири — UZCARD FORUM бўлиб ўтди. Bankers.uz мазкур форумнинг муҳим воқеаларидан фотоҳисоботни тақдим этганди.

Мамаризо Нурмуратов Марказий банк раиси лавозимидан озод қилинди

2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси лавозимида ишлаб келган Мамаризо Нурмуратов лавозимидан озод қилинди.

Тимур Ишметов Марказий банк раиси лавозимига тайинланди

Мамлакат раҳбари тақдимномасига кўра Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Тимур Ишметов Марказий банк раиси этиб тайинланди.

Доллар курси илк бор 12 900 сўмдан ошди

24 декабрдан амал қиладиган валюталар курсига кўра, 1 АҚШ долларининг расмий курси 8,93 сўмга кўтарилиб, 12 902 cўмни ташкил этди ва илк бор 12 900 сўмлик чегарани босиб ўтди.

Теглар:

#2024#тижорат_банклари#Марказий_банк#сарҳисоб

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган