Марказий банк United Fintech тўлов тизими фаолиятини олти ойга чеклади

Марказий банк United Fintech тўлов тизими фаолиятини олти ойга чеклади

Фото: unitedfintech.uz

Марказий банк лицензия олган кундан эътиборан бир йил давомида ўз фаолиятини амалга оширмаган United Fintech тўлов тизими операторининг фаолиятини олти ой муддатга чеклади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

2021 йил 27 ноябрь куни Марказий банк "Qulay Pul" МЧЖга тўлов тизими оператори лицензиясини берган эди. Ўшанда оператор фаолияти 2022 йилнинг биринчи чорагида бошланиши, "Ўзбекистонда пул ўтказмалари ва тўловлар соҳасида янги инфратузилмавий финтех-ечимлар ишлаб чиқиши" режалаштирилган эди. Компания дастлаб Ўзбекистонга четдан, асосан, Россиядан юборилаётган пул ўтказмаларини ўз бозори сифатида кўраётган эди. Компания рўйхатга олинган пайтда Ягона умумреспублика процессинг маркази (UZCARD тизими) ҳамда Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тизими)дан кейин учинчи тўлов тизими бўлганди. Компания вакиллари Bankers.uz'га берган интервьюсида UZCARD ва HUMO билан рақобат қилиш ниятида эмаслигини таъкидлаган эдилар.

Компания фаолиятига 2022 йил бошида старт берилиши айтилганди. Бироқ айни пайтга қадар компания ҳеч қандай фаолият кўрсатмаган. Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан бир йил давомида ўз фаолиятини амалга оширмаган United Fintech тўлов тизими операторининг фаолияти олти ой муддатга чекланган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг март ойидаги Қўмита йиғилишларида жами 33 та масала кўриб чиқилган. Ушбу йиғилишларда амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя қилинишини таъминламаган 1 та банк ва 1 та микромолия ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

Теглар:
×