Фотоиллюстрация:"Tashkent City" дирекцияси
"Tashkent City" бизнес маркази ҳудудидаги Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанкнинг янги кўп қаватли бинолари очиқ савдо орқали сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди. KPMG савдо жараёнини ташкил қилиш бўйича консультант сифатида жалб қилинган. Bankers.uz ушбу биноларга оид айрим очиқ ва қизиқарли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни бир жойга тўплади.
Ўзсаноатқурилишбанк биноси
Ўзсаноатқурилишбанк биноси умумий майдони 82,28 минг квадрат метр бўлган 33 қаватдан иборат. 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида Ўзсаноатқурилишбанк биносининг лойиҳа қиймати 137 млн доллар дея кўрсатилган. Бироқ, 2023 йилнинг 30 ноябрида банк акциядорлар йиғилишининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида “Tashkent City” Халқаро ишбилармонлар марказидаги Бош банкнинг Офисини қурилиш қийматини ошириш ва муддатини узайтириш масаласи кун тартибига қўйилган ва тасдиқланган. Бино қиймати қанчага оширилганлиги бўйича маълум қилинмаган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, банклар ушбу биноларни "Хитой банкларининг ва банклар консорциумининг жуда қиммат кредитлари ҳисобига" қурган. Шу туфайли 33 қаватли бинонинг нархи ҳозирги кунда 200 млн долларгача ошган бўлиши мумкин.
Шунингдек, 2024 йил бошида "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ бош офис биносининг инфратузилмасини комплекс бошқариш бўйича хизматлар кўрсатишга оид бошланғич нархи қарийб 7,5 млн доллар бўлган тендер эълон қилган, бироқ, битим амалга ошмаган. Тендерда иккита компания қатнашган, лекин иккала номзод ҳам тендер техник талабига мос эмаслиги туфайли рад қилинган. Кейинчалик 28 март куни тендер қайта эълон қилинган ва унда олдинги тендерда қатнашган ўша икки тадбиркор қатнашган. Улардан бири талабларга жавоб бермаган ва битимнинг "нарх қисмида иштирокчилар сони иккитадан кам бўлгани учун" тендер ўтмаган. Тендер 17 апрелда якунланган бўлсада, комиссия протоколи 28 май куни эълон қилинган. Жорий йилнинг 12 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзсаноатқурилишбанк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Эргашев банкнинг "Tashkent City" ҳудудидаги 33 қаватли бинонинг 11 қаватида банк, қолган қаватларида бизнес-марказ бўлиши ҳақида айтганди. Ҳозирда банк бош офисининг аксарият бўлинмалари ушбу бинода фаолият олиб бораётган бўлиши мумкин.
Бир муддат аввал, Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиали ўрнида 40 млн доллар эвазига 21 қаватли бино қуриш режа қилинаётгани айтилганди. Президентнинг сўзларига кўра, бу ташаббусни банк раҳбари киритган. Бошқа банклар раҳбарларига ҳам худди шундай лойиҳаларни амалга ошириши бўйича кўрсатмалар берилгани таъкидланганди.
Алоқабанк биноси
Алоқабанкнинг "Tashkent City" ҳудудидаги биноси 81,44 минг квадрат метр майдонга эга ва 26 қаватдан иборат. 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида ушбу банк биносининг лойиҳа қиймати 100 млн доллар дея баҳоланган. Аммо, 2023 йил 28 декабрда Алоқабанк акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилиши қарори билан "Алоқабанк" ва "Shanghai Construction Group Co., LTD" компанияси ўртасида 2019 йил 28 июнда тузилган шартномасининг умумий қийматини солиқ ва йиғимларсиз 145,279 млн АҚШ доллари миқдорида белгилашга рухсат берилган. Шунингдек, акциядорларнинг мазкур йиғилишида яна бир масала - "Tashkent City" ХИМда сотилган 6-лот ҳудудида танланган ер майдонини беғараз ажратиш ҳамда "Tashkent City" дирекцияси тасарруфига ўтказиб бериш бўйича қарор қабул қилинмаган.
Аввалроқ, Алоқабанк бошқаруви раиси Каммуна Ирисбекова Юнусобод бозорини ер остига икки қават, ер устига олти қават қилиб қуришга хорижлик инвесторлар 40 млн доллар сармоя киритиб ва 2500 иш ўрни яратиш таклифини бергани ҳақида ёзилганди.
Эслатиб ўтамиз, Алоқабанкнинг Бош офиси ҳамда "Амалиёт" маркази 2023 йил 11 декабрдан IT-Park мажмуасидаги замонавий бинода фаолиятини давом эттириши маълум қилинган эди.
Асакабанк биноси
Асакабанкнинг "Tashkent City" ҳудудидаги биноси 26 қаватли бўлиб, 66,2 минг квадрат метр майдонга эга. 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида ушбу бино лойиҳа қиймати 102 млн долларга баҳоланган. Бинонинг нархи ҳозирги кунда 150 млн долларгача ошган бўлиши мумкин. Бино бўйича очиқ манбалардан бошқа маълумотлар топилмади. Асакабанк бош офиси ҳозирда ушбу бинода фаолият олиб боришни бошлаган, хусусан, банк акциядорларининг жорий йил 24 май кунги умумий йиғилиши ҳам шу бинода бўлиб ўтган.
Учта банк биноларнинг сотилиши ҳақида ижтимоий тармоқдаги фикрлар
"...бино қуриб сотиш банкларнинг вазифаси эмас, носоғлом банк фаолияти ҳисобланади. Марказий банкнинг регулятор сифатида қилиши керак бўлган ишларнинг бири айнан банкларни кредитор, депозитор ва омонатчилар манфааатларига хавф соладиган операциялардан тийишдан иборат. Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, амалдорларнинг тор манфаатлари учун ўйинчоққа айлантирилган, саналган учта давлат банки бино қуриб сотишни яна давом эттиришмоқчи. Гап ўтган ойда овоза қилинган ялтироқ режалар билан чекланмайди, бу учовлон банк хабарларга кўра, янги Тошкентда яна янги бино қуриш топшириқларини олган", - деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Давактив ушбу бизнес марказларини сотиб олишга бўлган қизиқишни ўрганиш KPMG томонидан активлар тўғрисида тайёрланган инвестицион тизерларни соҳадаги инвесторларга, шу жумладан, халқаро инвесторларга юбориш ва улар билан индивидуал мулоқотга кириш орқали амалга оширилиши режалаштирилганлигини маълум қилган. "Инвесторларнинг мазкур бизнес марказларини сотиб олишга қизиқишларини, шунингдек, сотиб олиш шакли, яъни бинони тўлиқ сотиб олиш ёки лотларга бўлган ҳолда сотиб олиш бўйича фикрларини ўрганиш орқали сотишга ёндашув механизми ишлаб чиқилади", — дейилади Давактив хабарида.
Тасодифий хабарлар
Бухоро амирининг банкларда қанча омонати бўлган?
АVО мобил иловаси 500 минг марта юклаб олинди
Фото: Кобулда "Толибон" даврида биринчи марта валюта айирбошлаш бозори ишга тушди