Марказий банк "UPay" тўлов хизмати фаолиятини вақтинча чеклади

Марказий банк "UPay" тўлов хизмати фаолиятини вақтинча чеклади

Иллюстравтив фото: Bankers.uz

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси қарори билан "Maroqand" АЖ тўлов ташкилоти томонидан тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганлиги сабабли, мазкур ташкилотнинг бир нечта хизматлари 6 ой муддатга чекланди. МБ мазкур ташкилотга нисбатан санкцияни қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловлар қабул қилинишининг олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўриш вазифасини бажармаганлиги билан изоҳлаган. Чекланган хизматлар сифатида электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўлов воситаларидан фойдаланилган ҳолда пул маблағларини жисмоний шахсларга ўтказиш учун зарур ахборотни банкка бериш ҳамда банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, "UPay" шахсий пул маблағларини бошқариш, давлат хизматлари, мобил алоқа, интернет, ўйинлар нархини тўлаш, картадан картага пул ўтказиш ва электрон ҳамённи тўлдириш учун мўлжалланган Ўзбекистондаги тўлов сервиси бўлиб, "Maroqand" АЖ ушбу бренднинг эгаси ҳисобланади. Компания 2022 йилнинг май ойида Humans финтех-экотизими томонидан тўлиқ сотиб олингани маълум қилинганди.

Шунингдек, Марказий банк сентябрь ойида "UNITED PAYMENT SOLUTION" АЖ тўлов ташкилоти фаолиятни лицензия олинган кундан эътиборан бир йил давомида амалга оширмаганлиги сабабли, ушбу жамиятнинг тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиясини чақириб олган.


Теглар:
×