Халқ банки ва Микрокредитбанк устав капитали оширилади

Халқ банки ва Микрокредитбанк устав капитали оширилади

Халқ банки ҳамда Микрокредитбанкнинг устав капитали республика бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига оширилади. Бу ҳақда 2024 йил 2 апрелдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини молиялаштиришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-149 - сонли Президент Қарорида маълум қилинган (Қарор нусхаси таҳририятда мавжуд).

Ҳужжатга кўра, 2024 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳалар аввалги йилларда ажратилган кредитларнинг сўндирилиши ва қўшимча маблағлар йуналтирилиши ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, дастурлар доирасида сўндирилган кредитлар ҳисобидан шаклланган ресурслар биринчи навбатда мазкур ҳудуддаги лойиҳаларни молиялаштиришга йуналтирилади ва максадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамтармасининг ресурслари тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида жойлаштирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мақсадли дастурларни молиялаштириш учун республика бюджетидан Халқ банкига 2,027 трлн сўм ва Микрокредитбанкка 790 млрд сўм, бундан ташқари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан мос равишда 1,837 трлн сўм ва 1,233 трлн сўм миқдоридаги маблағлар ушбу банкларнинг устав капиталини ошириш учун ажратилиши белгиланган.

Ҳужжатда келтирилишича, 2024 йил 1 апрелдан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга (асосий иш жойига эга шахслар бундан мустасно) қуйидагича тартибда ажратилади:

  • 33 миллион сўмгача, бир йилдан сўнг ушбу қарз олувчининг тадбиркорлик фаолияти самарадорлиги, қарзнинг мақсадли ишлатилганлиги ҳамда заруратга қараб гуруҳ кафиллиги (камида 3 нафар фуқаро) билан қўшимча 50 млн сўмгача револьвер асосида;
  • ушбу кредитлардан томорқани ривожлантиришнинг бир нечта йўналишларида (паррандачилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик ва ихчам иссиқхона) фойдаланиши учун;
  • ер майдони 10 сотихдан ортиқ бўлган томорқа ер эгаларига ва ижарачиларга 50 млн сўмгача гаровсиз;
  • 10 сотихли ихчам иссиқхоналарни барпо этиш ва балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун 100 млн сўмгача гаровсиз.

Марказий банк манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиши лозим.

×