Click, Payme ва Paynet компаниялари акциядорлик жамиятига айланди

Click, Payme ва Paynet компаниялари акциядорлик жамиятига айланди

Фотоколлаж: Bankers.uz

Payme савдо белгиси эгаси "Inspired" МЧЖнинг мулкчилик шакли акциядорлик жамиятига айлантирилди ва "PAYME" АЖ номига ўзгартирилди. Шунингдек, Click тўлов тизими таъсисчисининг ("Click" МЧЖ) ҳам мулкчилик шакли МЧЖдан "Click" АЖ га айланган. Компаниялардаги мазкур ўзгаришлар ҳақида Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди. Шу муносабат билан, иккала компания ҳам 10 млн дона оддий акцияларни эмиссия қилди. Ҳар бир компаниянинг акциялари номинал нархи 1 минг сўм этиб белгиланган ва умумий қиймати 10 млрд сўмни ташкил қилади. "Click" АЖ акциялари эмиссияси 11 июнь куни, "Payme" АЖ акциялари эмиссияси эса 28 июнь куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, очиқ маълумотларга асосан "Paynet" тўлов тизими эгаси ҳисобланган ҳам акциядорлик жамиятига айланган. Лекин ҳозиргача компания томонидан Корпоратив ахборот ягона порталида ёки бошқа расмий манбаларда ушбу ўзгариш бўйича маълумот берилмаган.

Манба: stat.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини фақат акциядорлик жамияти шаклида яратиш ва юритиш талаби жорий этилди. Шундан сўнг, ушбу соҳадаги бир қатор компаниялар мулкчилик шаклини акциядорлик жамиятига ўзгартирди. Аввалроқ, HUMO ва UZCARD тўлов тизими операторларига эгалик қилувчи иккита компания АЖга айлантирилган ва биринчи акциялари эмиссиясини рўйхатдан ўтказганди. 

Эндиликда ушбу финтех компанияларининг расмий сайтларида кўпроқ маълумотлар: молиявий ҳисоботлар, ходимлар ва бошқарув тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлади. Бундан ташқари, ташкилотларнинг устави, миссияси, ривожланиш стратегияси, йиллик ҳисоботи, шунингдек бошқа муҳим ҳужжатлар жойланади.

Теглар:
×