Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил қилиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди

Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил қилиш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил қилишни кўзда тутувчи ҳужжат — микромолиялаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Йиғилишда етарли салоҳиятга эга микромолия ташкилотларининг тижорат банки сингари фаолият олиб бориши учун ташкилий – ҳуқуқий асослар мавжуд эмаслиги, хусусан тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари устав капиталига ўрнатилган минимал талаблар ўртасидаги фарқ катталиги микромолия ташкилотларининг ривожланиши ҳамда йириклашиб тижорат банки функцияларини бажариш даражасига чиқишига жиддий тўсқинлик қилаётгани таъкидланди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатиш ваколатига эга бўлган юридик шахс – микромолия банклари институтини жорий қилиш таклиф этилмоқда. Бунда микромолия ташкилотларини микромолия банкларига айланиши ва ўз навбатида микромолия банкларини тижорат банклари даражасига кўтарилишининг ҳуқуқий асоси яратилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жойлардаги молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжни қондириш ҳамда ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини ошириш имконини беради. Шунингдек, микромолия банкининг асосий фаолияти кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилганлиги аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватланишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Аввалроқ, Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев микромолия банклари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳамда жорий йил апрель ойига қадар муҳокама учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини айтганди. А.Турдалиевнинг маълум қилишича, микромолия банклари устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўм, энг юқори миқдори эса 500 млрд сўм этиб белгиланади. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу тажриба ҳақида гапирир экан, устав капиталини белгиланган талабга етказа олмаган тижорат банклари микромолия банкларига айланишлари мумкинлигини ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, Bankers.uz нашри март ойида Ўзбекистонда етакчи микромолия ташкилотлари қайсилар эканлигини ўрганганди ва уларнинг ТОП-10 рейтингини тузганди.

Теглар:
×