Санкция остидаги шахслар Ўзбекистон банкларида ҳисобрақам очиши тақиқланиши мумкин

13.02.2024 13:24

2 959

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқди.

Фото: Ведомости

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Марказий банкнинг кредит ва тўлов ташкилотларида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра, кредит ва тўлов ташкилотларига иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талаблар доирасида мижозларга ҳисобварақлар очиш ва операцияни амалга оширишни рад этиш ҳуқуқи белгиланяпти.

Амалдаги қонунчиликда кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида иқтисодий санксиялар билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Бу эса иқтисодий санкциялар остида бўлган ёки санкциявий хатарларга эга шахсларга маҳаллий банкларда тўсиқларсиз ҳисобварақларни очиш ва операцияларни амалга оширишга имконият яратмоқда.

Мажлисда сўзга чиққан Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Турдалиев иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни белигилаш бўйича ҳуқуқий асосларнинг яратилиши Марказий банкка кредит ва тўлов ташкилотларининг хатарларни бошқариш тизимларидаги заифликларни ўз вақтида аниқлаш, хатарларни тўғри баҳолаш ва минималлаштириш юзасидан самарали механизм шакллантириш имкониятини беришини таъкидлаган.Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали банк тизими молиявий барқарорлиги мустаҳкамланишига, халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан республика банк тизимига нисбатан бўлган ишонч ошишига ҳамда фуқаро ва хўжалик субъектларининг трансчегаравий операциялари узлуксизлиги таъминланишига эришилади.

Яқинда иқтисодчи Отабек Бакировнинг \"Прилепин Ўзбекистон банкларида счет оча оладими?\" сарлавҳаси остидаги материал эълон қилиб, унда иқтисодчи Россия-Украина урушининг иккинчи йили ўтаётганина қарамай Ўзбекистонда ҳали ҳам санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга оид биронта қонун йўқлигини қайд этганди.

\"Банклар тақиқланмаганми, демак мумкин қабилида ишлашни давом эттиришмоқда. Балки бунинг қанақадир аччиғини ё аламли совуғини ёки қимматроқ товонини кўрганимиздан кейингина бу юз берар. Айтайлик, қайсидир \"ўрис\" банки санкцияга тушади, бутун дунё Ўзбекистон банк-молия секторининг санкцион рўйхатдагиларга қанчалар меҳрибон ва бағрикенглигидан хабар топади\", - деб ёзганди Отабек Бакиров.

Депутатлар томонидан қонун лойиҳаси биринчи ўқишда мақулланган.

Теглар:

#санкция#қонун

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган