Иссиқкўлдаги учта пансионат Ўзбекистон банкларига берилди

Иссиқкўлдаги учта пансионат Ўзбекистон банкларига берилди

Фото: Спутник

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Иссиқкўлдаги тўртта пансионатни Ўзбекистонга ўтказиш бўйича халқаро шартномани тасдиқлади

Ҳужжатга кўра, курорт ҳудудида жойлашган объектларга эгалик қилиш ҳуқуқи Ўзбекистоннинг қуйидаги компанияларига узоқ муддатли фойдаланиш учун, ер эса ижара асосида берилади.

  • "Олтин қумлар" пансионати "Тошкент механика заводи"га;
  • "Дилором" пансионати "Асакабанк" АЖга;
  • "Роҳат" пансионати Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) АЖга;
  • "Бўстон" номли қурилиши тугалланмаган объект "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБга ўтказилади.

Маълумотларга кўра, ҳар бир объект учун инвестицияларнинг тахминий миқдори 15−20 миллион долларни ташкил этади.

Мулк ҳуқуқи расмийлаштирилгач, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотлари халқаро стандартлар бўйича камида уч юлдузли меҳмонхона комплексларини яратиш учун объектларни реконструкция қилишни якунлаши керак. Шундан сўнг улар объектларни учинчи шахсларга беришлари мумкин бўлади. Қирғизистон томони бошқа шахсларга нисбатан объектларни уларнинг бозор қийматида сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Бундан ташқари, пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши, Қирғизистон фуқароларининг пляж зоналарига тўсқинликсиз киришини таъминлаши, шунингдек, объектларга бириктирилган ер участкаларидан фойдаланганлик учун солиқ, солиқ бўлмаган ва бошқа тўловларни, ижара тўловларини ўз вақтида тўлаши керак.

Маълумот ўрнида, пансионатлар Ўзбекистон давлат компанияларига тегишли эди, аммо 2016 йилда Қирғизистон ҳукумати собиқ бош вазир Темур Сариев бошчилигида уларни миллийлаштирди. Бунга жавобан Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризаси билан мурожаат қилди. 2023 йил май ойида халқаро арбитраж Ўзбекистон фойдасига қарор қабул қилиб, Қирғизистонга 40 миллион доллардан ортиқ товон тўлашни буюрди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистонга 40 миллион доллар компенсация тўлай олмаслигини, шунинг учун томонлар 49 йилга ижарага беришга келишиб олганини айтган эди.

×