Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида банклар томонидан аҳолига жами 12,8 трлн сўм миқдорида автокредитлар ажратилган бўлиб, кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 баробарга камайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) маълум қилди.
Институт томонидан ўтказилган тадқиқотда аниқланишича, 2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошган бўлса-да, 2023 йилги даражада эмас. Хусусан, жорий йилнинг июл-сентябрь ойларида давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони 352,8 мингтани ташкил қилиб, II чоракка нисбатан 76,8 мингтага (27,8 фоизга) кўпайди. Бироқ, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 19,9 фоизга кам.
“Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган автокредитлар ва аҳолининг тасарруфдаги даромадлари автомобил бозоридаги фаоллик даражасига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири эканлигини кўрсатди. Хусусан, 2021 йил январ ойидан 2024 йил сентябрь ойигача бўлган даврда давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони ва аҳолига ажратилган автокредитлар ҳажми ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,72), шунингдек аҳоли даромадлари ва автомобиллар савдоси ўртасида (корреляция коэффициенти = 0,42) мавжудлиги аниқланди”, дейилади МҲТИ тадқиқотида.
Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида банклар томонидан аҳолига жами 12,8 трлн сўм миқдорида автокредитлар ажратилган бўлиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 баробарга камайган. Биргина III чоракда ажратилган автокредитлар II чоракка нисбатан 16,9 фоизга ва 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3 баробарга камайган.
Таҳлилларга кўра, ажратилган кредитларнинг ўсиш суръати сўнгги 3 йилдаги ўртача даражада сақланиб қолса, йил охирига қадар ҳар ойда ўртача 115-118 мингта автомобил давлат рўйхатидан ўтказилиши кутилмоқда.
Маълумот учун: 2023 йилнинг IV чорагида ҳар ойда ўртача 154,8 мингта автомобиллар олди-сотдиси бўйича шартнома имзоланган.
“Автокредитларнинг сезиларли даражада камайиши шароитида, автомобил корхоналари ва дилерлар томонидан айрим автомобиллар савдолари учун чегирмаларнинг киритилиши (“GM Uzbekistan”, “BYD”, “KIA”), фоизсиз муддатли тўловларнинг жорий этилиши (“GM Uzbekistan”, “BYD”, “Cherry”) бозорда ўтган йиллар даражасидаги талабни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар сифатида қаралиши мумкин”, дейилади таҳлилда.
Автокредитлар ҳажми камайишига нима сабаб бўлмоқда?
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Марказий банк банкларга автокредит бериш бўйича талабларни кучайтирган эди. Жорий этилган стандартларга кўра, банкларнинг кредит портфелида автомобил сотиб олиш учун кредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. Бу кредитларнинг концентрацияси билан боғлиқ рисклар билан изоҳланган эди.
Жорий йилнинг 1 июлидан эса банклар учун аҳолига кредит бериш талаблари кучайтирилди. Шундай қилиб, Марказий банк аҳолининг қарз юки кўрсаткичидан келиб чиқиб кредит бериш тизимини жорий этди.
Шу йилнинг июль ойида “АDM Jizzakh” автомобил заводи бош директори Дониёр Давлетияров Марказий банк аҳолига автокредитлар беришда “очиқланмаган чекловлар” жори қилгани ҳақида гапирган эди. Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида сўзлаган нутқида Давлетияров Марказий банк томонидан автокредитлаш шартларининг кучайтирилиши ишлаб чиқариш суръатларининг пасайишига ва сотув ҳажмининг 15 фоизга — 350 минг донага қисқаришига олиб келишини айтган эди.
Автокредитга бўлган талаб камайиши фонида сўнгги ҳафта айрим банклар UzAutoMotors автомобилларини сотиб олиш учун паст фоизли автокредитлар таклиф эта бошлади: Hamkorbank, Asakabank, БРБ, AloqaBank шулар жумласидан.