2017 йил июнь ойидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди. Хусусан, Президент томонидан Олий Мажлис Сенатига Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратовни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритилгани ҳақида Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Bankers.uz манбалари М.Нурмуратовнинг лавозимдан кетиши унинг соғлиғи билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Шунингдек, у Марказий банк раиси маслаҳатчиси сифатида фаолиятини давом эттириши мумкин.
Марказий банк раиси вазифасини вақтинча бажариш раиснинг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев зиммасига юклатилди.
Маълумот учун: Нурмуратов Мамаризо Бердимуратович 1960 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1977 йили Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кириб, 1982 йили Ленинград иқтисодиёт-молия институтини тамомлаган. 1985-1988 йиллари Москва молия институти аспирантурасини тамомлаган, иқтисод фанлари номзоди. 1989–1993 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институти ва Тошкент молия институтида доцент сифатида фаолият юритган. 1993–2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Илмий тадқиқотлар маркази директори, Бошқарув раиси ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2000–2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси молия вазири бўлган, 2004–2006-йилларда Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган. 2006–2017 йилларда Марказий банк раиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2017 йил 6 июнда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви раиси этиб тайинланган.