Халқ банкининг собиқ бош офиси аукционда қарийб 120 млрд сўмга сотилди

Халқ банкининг собиқ бош офиси аукционда қарийб 120 млрд сўмга сотилди

Фото: E-Auksion

24 май куни Халқ банкининг собиқ бош офиси биноси E-Auksion платформаси орқали сотилди. Аукцион 15 дақиқа давом этган. Унда фақатгина Oazis Samarkand компанияси қатнашган ва бинони 119,7 млрд сўмга харид қилиш таклифи билан ғолиб бўлди. Бунга Spot.uz нашри эътибор қаратди.

Бино банк Кузатув кенгашининг тегишли қарорига асосан 2024 йилнинг бошида сотувга қўйилганди. Объектнинг бошланғич нархи 114 млрд сўмдан бироз кўпроқ бўлган. Аукцион савдолари ошириб бориш услубида ўтказилган. Мулк қўшимча қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 36 ойгача муддатга сотилиши белгиланган.

Бино Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Қатортол кўчасида жойлашган. Ер участкасининг жами майдони 0,5 гектар бўлиб, олти, беш ва икки қаватли учта офис биноларини ўз ичига олади. Биноларнинг умумий майдони 9242 квадрат метрни ташкил қилади. Электр, сув ва канализация мавжуд, лекин газ йўқ экани қайд этилган. Бино билан бирга умумий қуввати 50 кВт бўлган томга ўрнатилган қуёш панеллари ҳам сотилди.

Манба: stat.uz

Самарқанднинг Oazis Samarkand компаниясига 2013 йилда асос солинган ва ресторан бизнеси билан шуғулланади. Устав фонди Компанияга тўлиқ Амир Далеров эгалик қилади.

×