Мадад Инвест банк "mybank" бренди остида хизмат кўрсатишни бошлайди

Мадад Инвест банк "mybank" бренди остида хизмат кўрсатишни бошлайди

Фото: Мадад Инвест банк / Телеграм

Мадад Инвест банк акциядорлари йиғилишининг тегишли қарорига кўра, банкнинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) “mybank” номига ўзгартирилди. Шунингдек, мазкур йиғилишда “Мадад Инвест Банк” АТБ фаолиятини амалга оширишда фирма номи ўрнига товар белгисидан фойдаланишга ҳам рухсат берилган. Банкнинг Телеграмдаги расмий саҳифасида ҳам банк логотипи ушбу савдо белгисига алмаштирилди.

Маълум бўлишича, банкнинг янги товар банк белгиси остида фаолият юритиши бўйича Марказий банкдан тегишли рухсат олинган. Эндиликда банк мазкур бренд номи остида хизмат кўрсатишни бошлайди.

Бундан ташқари, акциядорлар йиғилишида қиймати 80 млрд сўмгача бўлган кўчмас мулк сотиб олиш маъқулланган. Рақамлаштириш доирасида банк томонидан 1,32 млн долларга сервер дастурий-аппарат таъминоти тизимини харид қилиш ва сервер биноларига 368 млн сўм йўналтириш режалаштирилган.

Банк бошқарув раиси У.Таваккаловнинг Bankers.uz'га маълум қилишича, банк рақамли хизмат кўрсатиш йўналишига урғу берган ҳолда нафақат чакана, балки юридик шахслар учун ҳам қулай масофавий тизимларни яратишни режа қилган.

Аввалроқ, Мадад Инвест банкнинг Кузатув кенгаши раиси, бошқарув раиси ва унинг ўринбосари ўзгаргани ҳақида хабар берган эдик. Шу билан бирга банкнинг бош офиси ҳам Фарғона шаҳридан Тошкент шаҳрига кўчирилганди.

×