Марказий банк 24 декабрдан амал қиладиган валюталар курсини эълон қилди. Унда 1 АҚШ долларининг расмий курси 8,93 сўмга кўтарилиб, 12 902 cўмни ташкил этди ва илк бор 12 900 сўмлик чегарани босиб ўтди.
Ноябрь ойидан бошлаб бир нечта банкларда доллар 12 900 сўмдан қимматроққа сотила бошлаган.
Шундай қилиб, жорий йил бошидан бери сўм долларга нисбатан қарийб 562,23 сўмга ёки 4,56 фоизга қадрсизланди. Таққослаш учун, 2023 йилда миллий валюта долларга нисбатан 1113,31 сўмга ёки 10,99 фоизга қадрсизланган эди.
Марказий банк собиқ раиси Мамаризо Нурмуратов сўмнинг 1 фоизга қадрсизланиши инфляциянинг 0,3 фоиз пунктга ошишига олиб келишини таъкидлаган эди.
Аввалроқ, 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлиши прогноз қилинаётгани ҳақида хабар берилганди. 2025-2027 йилларга мўлжалланган бюджетномада айтилишича, миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи ўртасида доллар курси илк марта 12 800 сўмлик чегарани босиб ўтган эди.