Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун кредит ташкилотлари томонидан онлайн кредит ажратилишида вақтинчалик тартиб жорий этилмоқда. Бу бўйича Марказий банк шарҳ берди.
Мазкур тизим нима учун жорий қилинмоқда?
Шарҳда айтилишича, бугунги кунда фирибгарлар рақамли технологиялар воситасида ижтимоий муҳандислик усулларини қўллаган ҳолда фуқароларнинг номига тижорат банкларининг мобиль иловалари орқали онлайн кредитлар расмийлаштириш ҳамда банк картасига тушган кредит маблағларини P2P ўтказмалари орқали ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Ушбу турдаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ривожланган давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилган. Онлайн кредит ажратишда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун Европа Иттифоқи, Австралия ва Россия Федерациясида 14 календар кунлик, АҚШда 3 календар кунлик, Канадада 2 календар кунлик “совиш” даври амалиёти мавжудлиги аниқланди.
Шу муносабат билан Марказий банк кредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга онлайн кредит ажратиш жараёнида банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларининг олдини олишга қаратилган вақтинчалик тартибни жорий қилмоқда. Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.
Янги тартиб бўйича нималар ўзгаради?
Эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади. Ушбу талабнинг ўрнатилиши кредит олиш бўйича ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш имконини беради.
Вақтинчалик тартибга кўра, кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказади. Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади. Бу эса, фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олади.
Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиевнинг журналистлар билан учрашувда айтишича, фирибгарлар фуқароларнинг номига бир куннинг ўзида бир нечта банкдан кредит олишнинг уддасидан чиққан ҳолатлар ҳам учраган. Эндиликда агар фуқарога бир вақтда бир нечта банкка онлайн кредит олиш учун ариза берса ва улардан бири фуқарога кредит ажратса, қолган банкларда бу фуқаронинг қарз юки ошгани бўйича маълумот пайдо бўлади ҳамда фуқарога кредит ажратилмайди ёки кредит миқдори камайтирилади.
Бундан ташқари, фуқаро кредит ташкилоти мобиль иловасидан янги рўйхатдан ўтиб ёки мавжуд аккаунтга бошқа қурилмадан кириб, биринчи марта онлайн кредит олганда, мазкур кредит ажратилганидан бошлаб 48 соат давомида қуйидаги операциялар чекланади:
- кредит ҳисобидан P2P амалиётлар,
- жисмоний шахслар ҳисобварақлари ва электрон ҳамёнларга ўтказмалар,
- мобиль алоқа операторлари орқали телефон рақами ҳисобини тўлдириш,
- чет элга пул ўтказмалари ҳамда,
- онлайн валюта айирбошлаш операциялари.
Мазкур чекловлар фақатгина биринчи марта онлайн кредит олаётганда қўлланилиши айтилди.
Чекловларни ечиш учун мижоз 48 соат ичида кредит ташкилоти томонидан юборилган СМС-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганлигини маълум қилади. Шундан сўнг, кредит ташкилоти ходими эса мижозга қайта боғланиб, кредитни ростдан ҳам фуқаронинг ўзи олаётганини ҳамда берилган маълумотлар тўғрилигини текшириб, қўшимча тасдиқдан ўтказади.
Бундан асосий кўзланган мақсад шуки, фуқароларнинг номига фирибгарлар кредит олган тақдирда ҳам фирибгарлар кредит маблағларини талон-торож қила олмайди. Фуқаро кредитни ўзи олмаганини банкка маълум қилса ажратилган кредит бекор қилинади. Кейин 48 соат дегани бу шунча вақт кутиш керак дегани эмас, фуқаро 5 дақиқада кредит олаётганини тасдиқласа, чеклов 5 дақиқада бекор қилинади, деди Аброрхўжа Турдиалиев.
Юқорида қайд этилган 48 соатлик чекловлар ажратилган кредит маблағларини фуқаро ўз ихтиёрига кўра нақдлаштиришига ёки товар ва хизматлар учун (оффлайн) тўловларни, шунингдек, e-commerce орқали товар харид қилиш каби операцияларига таъсир кўрсатмайди ва бу операциялар ҳеч бир чекловларсиз амалга оширилиши мумкин.
Кредит маблағлари фуқаронинг банк картасига ўтказилгандан кейин пул маблағлари сарфланмаган бўлса, 48 соат ичида кредит олишга ариза мижоз томонидан фирибгарлар таъсирида берилгани аниқланса ёки мижоз қўшимча тасдиқдан ўтишни амалга оширмаса, кредит шартномаси кредит ташкилоти томонидан бекор қилинади ва ажратилган пул маблағлари кредит ташкилоти ҳисобига қайтарилади.
Марказий банк вакилларининг айтишича, агарда микромолия ташкилоти ҳам онлайн кредит ажратиш хизматини йўлга қўйса мазкур текширувларни амалга ошириши керак бўлади.
Кредит ахборотини олишни чеклаш хизмати мавжуд бўла туриб нега янги чекловлар керак?
Марказий банк бошқарув раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдиалиев ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:
"Ҳозир Кредит ахборот-таҳлил маркази (КАТМ) орқали кредит ахборотини олишни чеклаш - FREEZE хизмати мавжуд. Бироқ, банклар мазкур ахборотдан хоҳласа фойдаланади. Яъни банк кредит ахборотини олмасдан ҳам онлайн кредит бериши мумкин. Янги тартибга асосан эса ҳар бир банк онлайн кредит ажратаётганда юқоридаги текширувларни бажариши шарт этиб белгиланмоқда. Янги ўзгаришлар орқали эса фуқароларнинг фирибгарлар тузоғига тушиши олди олиниши кўзланмоқда. ", - деди регулятор вакили.
Марказий банкнинг Киберхавфсизлик маркази (CERT CBU) раҳбари Олимжон Толиповнинг таъкидлашича, мазкур тартиб вақтинчалик жорий этилмоқда ва кейинчалик ушбу тизим такомиллаштириб борилади.
Тасодифий хабарлар
Самарқандда 8 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштирган банк ходими аниқланди
Асакабанк "KIA" автомобилларини сотиб олувчилар учун махсус акция эълон қилди
Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб келгани айтилмоқда