Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

12.12.2024 13:26

155

Сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётганлиги, инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори эканлигини инобатга олиб, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк Бошқарувининг 2024 йил 12 декабрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Марказий банк мазкур қарор бўйича пресс-релизни тақдим қилди.

Марказий банкнинг қайд этишича, сўнгги ойларда иқтисодиётда юқори талаб ва нархларга оширувчи босимларнинг сақланиб қолаётганлиги фонида инфляция даражасининг прогнозга нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляцион кутилмаларнинг юқори шаклланаётганлиги кузатилмоқда. Жорий йил якунида умумий инфляция прогноз коридорининг юқори чегараларида бўлиши кутилмоқда.  

Хусусан, аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлаётгани айтилган. Натижада, ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашган.

Сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7,0 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бермоқда. Иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади, дейилади пресс-релизда.

Марказий банк, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутмоқда.

Аҳоли реал даромадларининг ошиши шароитида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни самарали жиловлаш ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Марказий банк юқоридаги ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқиб,асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилганини баён қилган.

Иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка ошириш томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 январга белгиланган.

Теглар:

#асосий_ставка

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган