“Пойтахт банк” АЖ устав капиталидаги 100% улуш БААнинг “Bond Investments limited LLC” компаниясига 10 млн долларга тўловини бирйўла амалга ошириш шарти билан сотилади. Бу ҳақда Давактив матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур жараён консультант “Deloitte” томонидан мувофиқлаштирилган ва олди-сотди шартномаси лойиҳаси тайёрланган, консультант томонидан “Bond Investments limited LLC” компанияси ҳамда унга тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи, АҚШ, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг очиқ санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги ўрганилгани қайд этилди.
Инвестор БААнинг юқори суръатларда ривожланаётган инвестиция компанияларидан бири бўлиб, “Das Holding LLC” ҳолдинг гуруҳи таркибида фаолият юритади. Ушбу ҳолдинг гуруҳи яқин Шарқ ва бутун дунёдаги диверсификацияланган бизнес соҳаларида фаолият юритувчи компаниялардан иборат. Таъкидлаш лозимки, ҳолдинг гуруҳи БААда исломий ва рақамли банкни ўз ичига олган муваффақиятли банкларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини юритиш тажрибасига эга. Ушбу тажриба Ўзбекистон банк секторида татбиқ этишга хизмат қилади, дейилади Давактив хабарида.
Инвестор томонидан ушбу банк негизида энг замонавий мобил ва рақамли молиявий технологияларни жорий қилган банк инфратузилмасини яратиш режалаштирилган.
Аввалроқ, мазкур банкдаги давлат улуши сотилиши бўйича “Экспобанк” АЖ (Россия Федерацияси) билан тегишли келишув имзоланганди. Бироқ, халқаро муносабатларда юзага келган вазият сабабли Экспобанк томонидан амалдаги келишув шартларини бажариш имконияти мавжуд эмаслиги инобатга олиниб уни ўзаро келишувга асосан бекор қилинган.
Шундан сўнг, Давактив агентлиги ва хусусийлаштириш жараёнига жалб этилган халқаро профессионал консультант “Deloitte” томонидан стратегик инвесторлардан таклифларни қабул қилиш ишлари давом эттирилган.
Жараён давомида “Bond Investments limited LLC” компанияси томонидан тақдим этилган таклиф аввалги талабгорларнинг билдирган сотиб олиш қийматидан ҳамда мустақил баҳоловчи (“KPMG” халқаро компанияси) томонидан баҳоланган қийматдан юқори бўлган тижорат таклифи ҳисобланади.
Эндиликда битимни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ якунлаш учун инвестор Марказий банкнинг “Пойтахт банк” АЖ акцияларини сотиб олишга доир дастлабки рухсатномасини олиши талаб этилади.
2021 йилнинг ноябрь ойида \"Пойтахт банк\" АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялари пакети сотилишидан тушган маблағлар бу активни сотиш билан боғлиқ харажатларни чегирган ҳолда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига йўналтирилиши маълум қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Хасан Рахматов \"Пойтахт банк\" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланганди.