"UZPAYNET" МЧЖдаги давлат улуши сотилгани маълум бўлди

"UZPAYNET" МЧЖдаги давлат улуши сотилгани маълум бўлди

Фото: PR.uz

"UZPAYNET" МЧЖдаги 100 фоизлик давлат улуши "New Industrial Technologies" масъулияти чекланган жамиятига сотилган. Бу ҳақда Статистика агентлигининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларида акс этган. Олди-сотди битими айнан қачон амалга оширилгани маълум эмас, бироқ МЧЖ эгаси ўзгаргани ҳақидаги маълумотлар ўтган йил ноябрь ойида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.

Манба: stat.uz

2019 йил очилган "New Industrial Technologies" МЧЖнинг устав фонди 273 млрд 560 млн сўмни ташкил қилади. Компания таъсисчилари сифатида иккита жисмоний шахс - Алекс Ли (60%) ва Мустафа Абдрахманов (40%) ҳисобланади. Қайд этиш керакки, Мустафа Абдрахманов "Азия Альянс банк"нинг асосий акциядори "Asia Alliance Group" МЧЖнинг ҳам 77,6 % улушига эгалик қилади.

Манба: stat.uz

"UZPAYNET" МЧЖ Paynet тўлов тизимининг оператори ҳисобланади. "PAYNET" тўлов тизимига 2005 йилда финтех-тадбиркор Ботир Арифжанов ва унинг шериклари томонидан асос солинганди. Кейинчалик, бренд эгаси ҳисобланган “UZPAYNET” МЧЖ давлат тасарруфига ўтган, тадбиркор эса компаниядан кетганди.

UZPAYNET 2014 йилдан буён тўлиқ АТ "Халқ банки" муассислигида фаолият юритиб келган. 2018 йил май ойида "UZPAYNET" МЧЖ фаолияти тугатилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ, орадан бироз муддат ўтиб компания фаолияти тугатилмаслиги, бренд тўлиқ Халқ банки тасарруфига ўтиши айтилганди.

2022 йилнинг 1 апрелида "Paynet" бренди ўзининг асосчиси Ботир Арифжанов ҳаммуассислигидаги "Instant Payment Solutions" МЧЖга ўтгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ ушбу хабарлар ўз тасдиғини топмаганди.

Кейинчалик эса "UZPAYNET" МЧЖ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган. 2022 йилда агентлик томонидан компаниянинг хусусийлаштирилиши бўйича консалтинг компанияси жалб қилиниши тўғрисида, бироз муддат ўтиб эса хусусийлаштириш жараёни бошлангани ҳақида ва яна бир неча ахборотлар бериб борилган. Аммо орадан қарийб икки йил вақт ўтганига қарамасдан "UZPAYNET" МЧЖнинг сотилиши юзасидан бошқа маълумотлар берилмаган.

Давактив "UZPAYNET" МЧЖнинг сотиш жараёнлари ҳақида ўзининг расмий сайти ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон ёки маълумот жойлаштирмаган. Ушбу масала юзасидан Bankers.uz нашри агентлик матбуот хизмати билан боғланди, бироқ жавоб ололмади.

×