2018 йил октябрь ойида давлат тасарруфига ўтган "Asia Alliance Bank" акциядорлик тижорат банки яна хусусийлаштирилган.
Марказий банкнинг июнь ойи якунлари бўйича эълон қилган қатор ҳисоботларида Asia Alliance Bank давлат улушига эга банклар қаторида қайд этилмаган. Bankers.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Марказий банк вакиллари билан боғланди. Марказий банк вакиллари банк томонидан тақдим этилган, банк акциядорлари таркиби тўғрисидаги ҳисоботда давлатнинг устувор улуши мавжуд эмаслигини тасдиқлашди.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларида Asia Alliance bank нинг ягона акциядори сифатида ҳали ҳам Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган. Ушбу вазият борасида Давлат Статистика қўмитаси вакилларидан маълумот қачон янгиланиши борасида сўралганда, улар томонидан аниқ маълумот берилмади. Шунингдек, Bankers.uz нинг Давактив агентлигидаги бир нечта манбалари банкнинг хусусий секторга ўтганлигини тасдиқлашган бўлса-да, ҳозирча расмий маълумот бера олмаслигини маълум қилишди.
Манба: Давлат статистика қўмитаси
Asia Alliance bank'нинг хусусийлашганлиги тўғрисидаги маълумот Bankers.uz'нинг бошқа манбалари томонидан ҳам норасмий равишда тасдиқланди.
Хусусийлаштириш жараёни ҳақида банк расмий сайтида 2 июль куни хабар берилган. Хабарда айтилишича, Asia Alliance bank'ни самарали бошқаришдаги муваффақиятли тажрибаси инобатга олиниб, Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфидаги «Asia Alliance Bank» АTB акцияларини банкнинг аввалги йирик акциядори бўлган Gor Investment Ltd (Буюк Британия) компаниясига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Инвестор томонидан банкни комплекс трансформация қилиш, замонавий ахборот технологиялари ва дастурий таъминотларни жорий қилиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда банкнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Asia Alliance Bank 2009 йилда ташкил этилган. 2019 йил 14 январь куни матбуотда Asia Alliance Bank национализация қилингани тўғрисида хабар чиққан эди. Ўша пайтда банк акциялари Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси тасарруфига ўтказилган. Бир ой ўтиб, давлат банкининг 10 фоиз акциялари IPO орқали сотилиши маълум қилинган. 2019 йил октябрь ойида давлат номидан банкни тасарруф этаётан Давлат активларини бошқариш агентлиги уни хусусийлаштиришга тайёр эканлигини билдирган. "Ўзбекистон Республикаси в Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги" 4553- сонли қарорнинг 3- иловаси 37- бандида Asia Alliance Bank’нинг назорат пакетини Япониянинг «Sawada Holdings» компаниясига 32 млн.долларга сотиш белгиланган эди. 2020 йил январь ойида банкни Япониянинг Sawada Holdings ширкати $32 млн.га олиши ҳақида хабар берилган, бироқ кейинчалик ушбу савдо амалга ошмаганлиги борасида норасмий хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Asia Alliance Bank Ўзбекистондаги ўртамиёна молиявий натижаларга эга банклардан ҳисобланади, оператив маълумотларга кўра, банк 2021 йил 1-ярим йилликни 19,9 млрд. сўм соф фойда билан якунлаб, соф фойда миқдори бўйича Ўзбекистон банклари орасида 23-ўринни эгаллаган.
Тасодифий хабарлар
Ҳокимликлар айрим фуқароларга ипотека кредитлари бўйича кафиллик беради
Навоийда банк ходимини урган фуқаро 15 суткага қамалди
Ўзбекистонда банк хизматлари келажаги: Капиталбанк нуқтаи назари