Ўзбекистондаги илк банк — Давлат банкининг Тошкент филиали тарихи

12.08.2024 11:28

4 155

Туркистондаги илк банк — Давлат банкининг (Государственный банк) Тошкент филиали очилиши, фаолияти, мижозлари, даромадлари, харажатлари ва бошқаруви ҳақида маълумотлар — Bankers.uz нашри колумнисти Бахтиёр Алимджанов мақоласида.

Фото: vesti.uz

Bankers.uz Ўзбекистон банк тизими тарихига оид туркум материаллар чоп этиб боришни йўлга қўйди. Мазкур материаллар мамлакатимизда ушбу йўналишда тадқиқот қилиш баробарида ўрганилган тарихий фактлар ва мустақил изланиш натижалари асосида ёзилган мақолалар асосида тайёрланади. Биринчи материал: Туркистондаги илк банк — Давлат банкининг (Государственный банк) Тошкент филиали очилиши, фаолияти, мижозлари, даромадлари, харажатлари ва бошқаруви ҳақида маълумотлар — Bankers.uz нашри колумнисти Бахтиёр Алимджанов мақоласида.

Банкнинг очилиши

XIX асрнинг 60-70-йилларида Россия империяси Марказий Осиёни забт этди, натижада у иқтисодий ва сиёсий ҳаётни назоратга олди. Империя ҳукумати савдода ўз таъсирини кучайтириш ва асосий транзит йўллар устидан назорат ўрнатиш учун молиявий экспансияни бошлади. Бу ҳолатда метрополия Тошкентда банк очишга киришди. 1875 йилда Тошкентда Давлат банкининг филиали очилди. Узоқ вақт давомида бу банк Туркистонда ягона банк ҳисобланган (XIX асрнинг 90-йиллари), бу филиал мустамлака маъмуриятининг бюджет маблағларини назорат қилган ва савдони ривожлантириш учун кредитлар ажратиш билан шуғулланган.

Давлат банкининг Тошкент филиалиАрхитектор Вильгельм Гейнцельман томонидан лойиҳалаштирилган Давлат банкининг Тошкент филиали биноси. Почта откриткаси

Шартли равишда Давлат банкининг Тошкент филиали фаолиятини икки даврга бўлиш мумкин: 1) 1875 йил – 19-асрнинг 90-йиллари ва 2) ХХ аср бошлари – 1917 йил. Давлат банкининг Тошкент филиали ўз фаолиятининг биринчи даврида асосан йирик савдони молиялаштирган ва Туркистон мустамлака маъмурияти ғазначи вазифасини бажарган ва маҳаллий молияни бошқарган. ХIХ асрнинг 90-йилларида Давлат банкининг Тошкент филиали товарлар ва кичик савдода спекуляция билан шуғулланган судхўрларга қарши кураш бошлади. Судхўрлик Туркистон вилоятида нафақат банк секторининг ривожланишига тўсқинлик қилар эди, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчининг фаровонлигига ҳам путур етказарди.

"Махфий йўл билан олинган расмий маълумотларга кўра, биргина Тошкентда 60 дан ортиқ йирик кредит акулалари бор, улар йилига 18 фоиздан 48 фоизгача бўлган кредитлар учун пул ундирадилар." — деб ёзган Давлат банки Тошкент филиали бошқарувчиси.

Вексель кредитлар статистикаси

Давлат банкининг Тошкент филиалида вексель кредитлар сони ва миқдори (йиллар кесимида)

Иккинчи давр - тижорат банкидан Марказий банк сари

Давлат банкининг Тошкент филиали ривожланишининг иккинчи босқичи (ХХ аср бошлари – 1917 й.) Марказий Осиёда инфратузилманинг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, бу минтақадаги молия институтларига таъсир кўрсатди. XX аср бошларига келиб Туркистонда давлат банкининг 10 та филиали ва тижорат банкларининг 40 та филиали мавжуд бўлиб, улар минтақанинг иқтисодий ҳаётини назорат қилар эдилар. Банклар сонининг кўпайиши Туркистон минтақасида иқтисодий ҳаётни ривожлантирган Оренбург-Тошкент темир йўлининг қурилиши билан боғлиқ эди. Натижада Туркистонда Санкт–Петербург банклари ўз филиалларини оча бошлади. Рус-Осиё тижорат банки, Волга-Кама, Азов-Дон банклари Давлат банкини молия бозоридан сиқиб чиқара бошлади. Далат банки ўз мавқеини йўқотмади, балки Туркистонда банк ставкаларининг "регулятори" ва минтақанинг асосий валюта сотувчиси ролини бажарди, яъни Марказий банк ролини бажара бошлади.

Бундай янги вазиятда Давлат банкининг Тошкент филиалининг роли ошди, чунки банк операциялари билан шуғулланадиган вилоятнинг барча ғазна кассалари Давлат банкининг Тошкент филиалига бўйсунди. Филиал ўз фаолиятининг иккинчи даврида асосан йирик тижорат операцияларини кредитлашдан қисман воз кечиб, кичик ҳажмдаги кредит операцияларини ривожлантиришга ҳаракат қилди, аммо нафақат минтақа маъмурияти, балки Марказий Осиёда фаолият юритаётган тижорат банклари учун ҳам ғазначи ролини сақлаб қолди.

Давлат банки Тошкент филиалининг 1908 йил учун йиллик ҳисоботи

Шунга қарамасдан, Давлат банки филиалининг соф даромадида камайиш кузатилди. Хусусан, 1909 йилда филиальнинг соф фойдаси 83,86 минг рублни ташкил етди. Агар 1908 йилда филиал 182,34 минг рубль соф фойда олганлигини ҳисобга олсак, соф фойда деярли 125 фоизга камайиб кетади. Бунга 1907-1909 йилларда муваффақиятсиз молиявий операциялар натижасида банкрот бўлган маҳаллий пахта етиштирувчи фирмаларга (Пинхасов, Машияхов, Беляков, Назаров фирмалари) йирик кредитлар берилиши сабаб бўлган. Шу туфайли Давлат банкининг Тошкент филиали кадрлар ва молиявий муаммоларга дуч келди. 1908-1909 йилларда йирик пахта корхоналари ўртасида банкротлик туфайли банкнинг Тошкент филиали катта зарар кўрди (200 минг рублдан ортиқ).

Давлат банкининг Тошкент филиали оборотлари (минг рублда)

1914 йилда Давлат банкининг Тошкент филиали кредитларни қисқартиришни давом эттирди, банкротлик натижасида 78 минг рубль миқдорида 620,6 дан ортиқ кредит ёпилди ва мавжуд 131 минг рубль миқдорида 323 кредит қисқартирилди. Туркистон вилоятидаги барча молиявий қийинчиликларга ва 1914 йилда банк операцияларининг қисқаришига қарамай, Давлат банкининг Тошкент филиали операцион йилни 26,7 минг рубль соф фойда билан ёпди. (1913 йилда филиал деярли 285 минг рубль соф даромад олган).

Давлат банкининг Тошкент филиали даромади, чиқимлари ва соф фойдаси

Биринчи Жаҳон уруши йилларида Давлат банкининг Тошкент филиали асосан ҳарбий кредитлар ва Сирдарё вилоятида кичик кредитларни ривожлантириш билан шуғулланди. Шунингдек, у минтақада давом етаётган иқтисодий ўзгаришларни мунтазам равишда кузатиб борди, буни филиал директорининг Кенгашга берган ҳисоботларида кузатиш мумкин.

Банкнинг илк мижозлари

Тошкент филиалига биринчи йирик омонатни ишониб топширган шахс Қўқон хони Худоёрхон бўлиб, у Оренбургга жўнаб кетишдан олдин бангга 140 минг рублга тенг Қўқон кумуш тангаларнини ишониб топширган. 1881 йилда Давлат банкининг Тошкент филиали савдогарларнинг 7 миллион 700 минг рубль миқдоридаги пулларини ўтказиб, векселлар бўйича 263 879 рубль тўлаган.

Давлат банкининг Тошкент филиалида омонатлар сони ва миқдори (йиллар кесимида)

Бундан ташқари, банкнинг энг йирик мижозлари яҳудий тадбиркорлари Пинхасов, Ю.Давидов савдо уйи, Боруховлар савдо уйи, шунингдек, рус тадбирколаридан Иванов савдо уйи, Пугасов, Филатов ва Первушин, татарлардан Яушев савдо уйи ҳамда тошкентлик бойлардан Орифхўжаев ва Саидазимовлар бўлган. Банкнинг энг йирик мижозларидан яна бири Тўхтажон Алимжонбоев эди.

"Т. Алимжанбоевнинг банкда 100 минг рубль кредити бор эди. У Тошкентда ва Еттисув (ҳозирги Қирғизистон ва шарқий Қозоғистон) вилоятида Олмаота ва Пишпекда (ҳозирги Бишкек) кенг миқёсда савдо қилган ва қўшимча равишда Даниловская фабрикасининг вакили бўлиб, ўз маҳсулотларини комиссия асосида сотган. Унинг Тошкент шаҳри марказида кўчмас мулки, 90 минг рублгача турар-жой бинолари бўлган ер участкаси бор. У ҳозиргина меҳмонхона учун икки қаватли уй қурди. Бундан ташқари, Пишпекда у 30 минг рублгача бўлган ерни ижарага олганди. Унинг хусусий банклар олдидаги қарзлари ўтган йили ихтиёрий равишда тугатилган ва унинг аҳволи қўрқинчли емасди. Жорий йилнинг (яъни 1914 йили) март ойида Тошкентда Даниловская мануфактураси Т. Алимжанбоевни вакилликдан маҳрум қилди", - деб ёзган эди банк маъмурияти. 

Банк бошқаруви ҳақида

Филиальнинг биринчи раҳбари Николай Михайлович Бахтиаров эди. Қизиқ томони шундаки, Николай Михайловичнинг мутахассислиги врач эди. У Тошкент филиалини 1881 йилгача бошқарган.

ХХ аср бошида банкнинг Ҳисоб қўмитасида 6 та аъзо бўлиб, улар кимга кредит беришни ҳал қилган. Ҳисоб қўмитасининг икки аъзоси - Абдумавлон Абдумаликбаев ва М. Уразаев маҳаллий аҳолидан еди. 1909 йилда филиальнинг бошқарувчиси Салеманнинг сўзларига кўра, улар жуда билимдон ва шу билан бирга мусулмон аҳоли орасида жуда ҳурматга сазовор кишилар бўлган. Ҳисоб қўмитасида яҳудий савдогарлардан битта вакил – Каландарев ҳам бўлган.

Ревизия текшируви бўйича банк бошқаруви қароридан намуна

Давлат банкининг раҳбари Салеманнинг ёзишича, униг ёзди-чизди иши кўп бўлган.

"Менинг қўлимдан йилига 25 000 тагача чиқувчи ва кирувчи аризалар, 5000 тагача кирувчи ва чиқувчи telegramмаларни шифрлаш, китоблар имзолари ва йирик айланма жамғарма кассаларини чиқариш учун рухсатномалар ва мижозлар билан тушунтиришлар иш кунининг барча соатларини олиб қўяди. Умумий ишларни ҳал қилиш, ҳисоботлар бангга ҳисобдор хазиначилари билан доимий шахсий ёзишмалар ҳафтанинг деярли барча кунларида то тунгача вақтимни олади", - деб ёзган Салеман. 

1915 йилга келиб, филиалда 45 та ходим фаолият кўрсатган. 1917 йилда Давлат банки, барча тижорат банклари цингари Совет ҳукумати томонидан миллийлаштирилди.

Ҳозирги кўриниш Давлат банкининг Тошкент филиалининг ҳозирги кўриниши. У ерда ҳозир Ўзсаноатқурилишбанк "Премиум офиси" жойлашган. Шундай қилиб, Давлат банкининг Тошкент филиали Туркистонда 40 йилдан ортиқ фаолият кўрсатган. Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Тошкент филиали тарихий биносида Ўзсаноатқурилишбанкнинг филиали фаолият кўрсатмоқда. Давлат банкининг активлари, мижозлар базаси ва бошқа мулклари ичидан асосий қисми Халқ банкига ўтганлиги сабабли, банкнинг ташкил топиш тарихи айнан Давлат банкининг асос солинган йилига таянилади (1875 йил) ҳамда Халқ банки Давлат банкнинг мажозий маънода "меросхўри" сифатида эълон қилинади.

Муаллиф: тарих фанлари номзоди, мустақил политолог, маданиятшунос Бахтиёр Алимджанов

Муҳаррир: Акбарали Мансур

Теглар:

#банклар_тарихи#тарих

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган