Bankers.uz нашри 2024 йилнинг 9 ойлик якуни бўйича Ўзбекистон банкларининг соф фойдаси бўйича оператив маълумотлар асосида таҳлилий материал тайёрлади.
Умумий ҳолат
Тижорат банкларининг тўққиз ойлик жами соф фойдаси 8 трлн 85 млрд сўмни ташкил қилди. Соф фойда кўрсаткичи 2023 йилнинг тўққиз ойига (8 трлн 23 млрд сўм) нисбатан атиги 62,7 млрд сўмга ёки 0,78 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Мазкур ҳолатни давлат банкларининг еттитасида 2023 йилги соф фойда кўрсаткичига нисбатан камайиш қайд этилгани билан изоҳлаш мумкин. Таҳлиллар олиб борилаётган даврдан буён соф фойда кўрсаткичи бўйича ТОП-10 та банкнинг фақатгина иккитаси (Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанк) давлат банки, қолган саккизтаси (Ҳамкорбанк, Капиталбанк, Ориент Финанс банк, Ипак Йўли банк, Трастбанк, KDB Bank Uzbekistan, Азия Альянс банк ва Давр банк) хусусий ва бошқа банклар бўлгани эътиборга молик.
Шунингдек, давлат назоратида бўлмаган тижорат банкларининг аксариятида соф фойда динамикасида ижобий ўзгариш қайд этилган. Бешта банк (Бизнесни ривожлантириш банки, AVO Bank, Hayot Bank, Apex Bank ва Yangi bank) 2024 йилнинг 9 ойлигини молиявий зарар билан якунлаган. Жами 18 та тижорат банкининг соф фойдасида ўтган йилга нисбатан камайиш кузатилган.
Инфографика: Авазбек Топилов/Bankers.uz
Давлат банклари
Давлат банклари орасида энг кўп соф фойда Ўзмиллийбанкда - 1 трлн 381 млн сўм қайд этилган. Банкнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,1 фоизга ўсган. Ўтган йилнинг тўққиз ойидаги кўрсаткичлар билан солиштирилганда еттита давлат банкида соф фойда камайганини кўриш мумкин. Ўзмиллийбанкдан ташқари Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Халқ банкида ҳам соф фойда кўрсаткичи ўсган. Бизнесни ривожлантириш банки (-279,1 млрд сўм) 9 ойликни ҳам молиявий зарар билан якунлаган. Бундан ташқари, Асакабанк (-57,1%), Агробанк (-79%), Алоқабанк (-90,8%) ҳамда Микрокредитбанк (-78,1%)ларда соф фойда кўрсаткичи ўтган йил билан таққослаганда сезиларли равишда пасайган.
Бошқа банклар
Таъкидланганидек, соф фойда бўйича "етакчи ўнталик"да асосан давлат назоратида бўлмаган банклар ўрин олган. Мазкур банклар ичида Ҳамкорбанк (1 трлн 41 млрд сўм) энг кўп соф фойда олган ва барча тижорат банклари орасида иккинчи ўринда турибди. Капиталбанкда соф фойда кўрсаткичи (921,9 млрд сўм) ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, учинчи ўринда қайд этилган. Шунингдек, соф фойдасини "ярим миллиард"лик маррадан оширган Ориент Финанс банк (688,7 млрд сўм), Ипак Йўли банки (682,3 млрд сўм) ҳамда Трастбанк (554,4 мдрд сўм)ларни ҳам алоҳида ажатиб кўрсатиш мумкин.
2024 йилнинг тўққиз ойи давомида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан соф фойданинг энг юқори ўсиши TBC Bank'да (+2046,9%) қайд этилган. Мазкур банк 2023 йилнинг тўққиз ойида 12,8 млрд сўм соф фойда олган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 274,4 млрд сўмга тенг бўлган. Шунингдек, Octobank соф фойдаси ҳам 660,8 фоизлик ўсишни қайд этган.
Хусусий банклар ичида 4 та банк AVO Bank (-83,4 млрд сўм), Hayot Bank (-22,5 млрд сўм), Apex Bank (-29,1 млрд сўм) ва Yangi bank (-16,3 млрд сўм)лар учинчи чоракни молиявий зарар билан якунлаган.
Тасодифий хабарлар
Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистондаги ОАВ ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан учрашди
Қўшработ туманида 1,1 млрд сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинди
OTP Bank Ипотека банкни расман сотиб олди