Ипотека кредити олувчилар сони ўтган йилга нисбатан камайишда давом этмоқда

Ипотека кредити олувчилар сони ўтган йилга нисбатан камайишда давом этмоқда

2024 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида жами 11 трлн 726 млрд сўмлик ипотека кредитлари берилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот тақдим этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 490 млрд сўмга ёки 4 фоизга камроқдир.

Йилнинг уч чораги мобайнида жами 42 минг 790 нафар фуқаро ипотека кредитлари олган. Битта ипотека кредитининг ўртача миқдори 274 млн сўмни ташкил қилди. 2023 йилнинг тўққиз ойи мобайнида жами 53 минг 443 нафар фуқарога ипоетка кредитлари берилган ва битта ипотека кредитининг ўртача миқдори 228,598 млн сўмга тенг бўлганди.

Бундан кўринадики, ипотека кредити олувчилар сони камайиб, кредитнинг миқдори ошиб бормоқда. Жорий йилнинг олти ойида ҳам ушбу ҳолат кузатилганди.

Манба: Марказий банк

Банклар ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг фоиз ставкаси йил бошидаги 23 фоиздан, сентябрь ойига келиб 25 фоизгача етган.

Ипотека кредитларининг 63 фоизини эркаклар, 37 фоизини аёллар олишган. Ёш тоифаси бўйича 31-50 ёшдаги аҳоли қатлами жами ипотека олувчиларнинг 65 фоизини ташкил қилган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (3 трлн 536 млрд сўм) етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти - 1 трлн 19 млрд сўм, Фарғона вилояти - 1 трлн 11 млрд сўм қайд этилган. Жиззах (333,5 млрд сўм) ва Сирдарё вилоятлари (171,9 млрд сўм) ипотека кредити ажратилиши бўйича бошқа вилоятларга қараганда ортда қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг январь-июнь ойларида жами 6,883 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

×