Фото: bfa.uz
Ижтимоий тармоқларда Банк-молия академиясининг магистратура босқичида таълим олаётган хотин қизларга контракт пуллари тўлаб берилмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, 5 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Банк-молия академияси магистратурада ўқиётган хотин-қизлардан икки йил учун 62 млн сўм миқдорида контракт пули тўлашни сўрамоқда”, “икки йил ўқитиб, энди диплом беришмоқчи эмас” мазмунидаги турли хабарлар эълон қилинган эди. 6 октябрь куни Банк-молия академияси мазкур маълумотлар ҳақиқатда тўғри келмаслигини билдирди.
“Аввало, хабарларда келтирилаётган икки йил учун 62 млн сўм миқдорида, дея иддао қилинаётган рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз. Чунки, Банк-молия академияси магистратура дастурлари бўйича контракт тўловлари миқдори мутахассисликлар тури ва ўқиш муддатларидан (14, 18 ой ва 2 йил) келиб чиқиб турлича ўрнатилган”, дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, мазкур муносабат матнида маълум қилинишича, 2024 йил 20 сентябрь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Банк-молия академиясига фақатгина қабул квоталари доирасида магистратура босқичига қабул қилинган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши бўйича расмий хат йўлланган.
Ушбу хатга асосан, Академия раҳбарияти контракт тўлови давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилмаслиги эҳтимоли бўлган хотин-қизлар билан учрашув ўтказиб, тўловни амалга ошириш учун енгилликлар берилиши, хусусан бўлиб-бўлиб тўлаш ва тўлов муддатларни узайтириш бўйича таклифларни билдирган.
Шундан сўнг, Банк-молия академияси вазият юзасида бугун қўшимча ахборот эълон қилди. Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447-сонли қарорига мувофиқ Академиянинг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қайтариш шартисиз қопланиши амалиётини давом эттириш юзасидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан тегишли тартибда мулоқот олиб борилди. Банк-молия академиясининг маълум қилишича, магистратура мутахассисликлари бўйича таҳсил олаётган хотин-қизлар учун контракт тўловлари белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Тасодифий хабарлар
Garant bank янги "Кунлик" онлайн омонатини ишга туширди
Жиззахда фуқаронинг ишончига кириш орқали унинг номига кредит олган шахс аниқланди
Ўзбекистонда пул ўтказмалари ҳажми 14% га ортди