Ўзбекистон банкларига тегишли суғурта компаниялари — таҳлил

Ўзбекистон банкларига тегишли суғурта компаниялари — таҳлил

Иллюстратив фото: Bankers.uz

2024 йил биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда 37 та суғурта компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг жами устав капитали 2,3 трлн сўмни ташкил қилади. 1 август ҳолатига суғурта бозорида тижорат банкларига тегишли олтита суғурта компанияси мавжуд. Bankers.uz ушбу суғурта компанияларининг соф фойдаси, устав капитали, активлари ва бошқа маълумотларини ўрганди.*

"SQB Insurance" АЖ — Ўзсаноатқурилишбанк

Ушбу компания 2018 йилда рўйхатдан ўтказилган. Иқтосидий фаолият тури 65120 - Ҳаётни суғурталашдан ташқари суғурталаш. Устав фонди - 53 млрд сўмга тенг. Суғурта компанияси 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигини 11,47 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Компания активлари 1 июль ҳолатида 282,1 млрд сўмни ташкил қилди. 2023 йил 5 апрелbда “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “SQB Insurance”га суғурталовчининг молиявий барқарорлиги бўйича “BB-” даражадаги “Барқарор” прогнозли рейтинг берган. Компаниянинг расми сайтига кўра, “SQB Insurance” билан барча турдаги суғурта полисларини олиш мумкин.

"Asia Insurance Sug'urta Kompaniyasi" АЖ — Инфинбанк

Компания дастлаб 2005 йил 13 апрелда рўйхатдан ўтказилган. 2022 йил 24 февралида "Asia Insurance sug'urta kompaniyasi" АЖ сифатида қайта ташкил этилган Иқтосидий фаолият тури 65120 - Ҳаётни суғурталашдан ташқари суғурталаш. Устав фонди - 45 млрд сўм. 2024 йил олти ойлик якунлари бўйича "Asia Insurance" суғурта компаниясининг активлари 118,5 млрд сўмга тенг бўлган. Компания жорий йилнинг ярмида 5,1 млрд сўм соф фойда олган. S&P халқро рейтинг агентлиги суғурталовчининг молиявий барқарорлиги бўйича “B-” даражадаги “Позитив” прогноз билан рейтинг тақдим этган.

"Imkon-Sug'urta" АЖ — Ипотека банк

Компания дастлаб 2019 йил 9 апрелда рўйхатдан ўтказилган. 2022 йилда "Imkon-Sug'urta" акциядорлик жамияти шаклида қайта ташкил этилган. Иқтосидий фаолият тури 65120 - Ҳаётни суғурталашдан ташқари суғурталаш. Устав фонди - 52,5 млрд сўм. 2024 йилнинг икки чорагида 19 млрд сўм соф фойда олган. Активлари ҳажми 219,9 млрд сўмга тенг. Компания томонидан ҳозирга қадар суғурта соҳасидаги 17 та класс бўйича 100 га яқин суғурта маҳсулотлари амалиётга тадбиқ этилган.

"Xalq Sug'urta" АЖ — Халқ банки

Компания дастлаб 2011 йил 16 майда рўйхатдан ўтказилган. Иқтосидий фаолият тури 65120 - Ҳаётни суғурталашдан ташқари суғурталаш. Устав фонди - 45 млрд сўм. Компания 196,3 млрд сўмдан кўпроқ активларга эга. 2024 йилнинг ярмида 3,6 млрд сўм соф фойда олган. Компания расмий сайтига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 50 дан ортиқ филиалга эга ва айни пайтгача 1 млндан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатган.

"Hamkor Sug'urta" АЖ — Ҳамкорбанк

Компания 2009 йилда рўйхатдан ўтказилган. Иқтосидий фаолият тури: 65120 - Ҳаётни суғурталашдан ташқари суғурталаш. Устав фонди - 35 млрд сўм. Компания активлари ҳажми 117,7 млрд сўмдан ортиқни ташкил қилади. Жорий йилнинг II чораги якунларига кўра, 12,13 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда қайд этган. Суғурта компанияси жисмоний ва юридик шахслар учун умумий суғурта соҳасининг барча 17 та класси бўйича 100 дан ортиқ суғурта турлари доирасида сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

"Qulay Insurance" АЖ — TBC Bank Uzbekistan

Компания 2024 йилда 4 июль куни рўйхатдан ўтказилди. Иқтосидий фаолият тури: 65110 - Ҳаётни суғурталаш. Устав фонди - 22 млрд сўм. Компания ҳозирча лицензияга эга суғурта компаниялари рўйхатида йўқ.

Эслатиб ўтамиз, собиқ "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ (ҳозирги "Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ)нинг тўлиқ таъсисчилигида ташкил қилинган "Perfect Insurance" суғурта компаниясининг 100 фоизлик акциялар пакети 2023 йил 17 март куни бўлиб ўтган биржа савдоларида 51 млрд 597 млн сўмга сотилганди.

* Изоҳ: Юқоридаги таҳлил очиқ манбалардаги маълумотлар асосида тайёрланди. Рўйхатда қайд этилмаган у ёки бу тижорат банки бирор суғурта компаниясининг якуний бенефициари ёхуд унга тўлиқ аффилланган бўлиши мумкин.

×