Ўзбекистон банкларининг ярим йиллик соф фойдаси 560 млрд сўмга камайди

16.07.2024 08:57

5 126

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари ўтган ярим йилда 5,5 трлн сўм, ёки ўтган йилга нисбатан 560 млрд сўм кам соф фойда олган.

Фото: Nova24

Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистон банклари 2024 йилнинг январь-июнь ойларида 5,5 трлн сўм фойда олди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга ёки 560 млрд сўмга кам ҳисобланади. Соф фойда кўрсаткичи бўйича умумий жадвалда етакчи ўнта банкдан фақат дастлабки иккитаси — Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанклар давлатга тегишли банклардир. Жами 19 та банкнинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган, 6 та банк ярим йилликни зарар билан якунлаган.

Инфографика: Bankers.uz

Давлат банклари

Давлат банклари орасида фақатгина Бизнесни ривожлантириш банки (-378,1 млрд сўм) ярим йилликни молиявий зарар билан якунлаган. Шунингдек, Ўзмиллийбанк (-248,7 млрд сўм), Алоқабанк (-91,6 млрд сўм), Асакабанк (-69,3 млрд сўм), (Агробанк -12,6 млрд сўм), (Туронбанк -15,1 млрд сўм) ва Микрокредитбанк (-6,8 млрд сўм)ларда ҳам соф фойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган (қавс ичида камайиш миқдори кўрсатилган). Давлат банклари орасида Ўзсаноатқурилишбанк ўз фойдасини 93 фоизга ошириб, олти ойда жами 768,4 млрд сўм соф фойда олган. Халқ банки ҳам ярим йилда ўтган даврдан 6,2 млрд сўмга кўпроқ фойда олган.

Бошқа банклар

Давлат назоратида бўлмаган банклардан 5 та банк AVO Bank (-51,6 млрд сўм), Tenge bank (-15,6 млрд сўм), Hayot Bank (-19,3 млрд сўм), Apex Bank (-13,1 млрд сўм) ва Yangi Bank (-8,1 млрд сўм)лар ярим йилликни молиявий зарар билан якунлаганлар. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, Ипотека банк соф фойдаси 514 млрд сўмга камайган.

TBC Bank Uzbekistanнинг ярим йиллик соф фойдаси кескин ортган — банк ярим йилда 154,3 млрд сўм соф фойда олган. Бундан ташқари, 2023 йилнинг олти ойини 3,5 млрдлик зарар билан якунлаган Октобанк бу ярим йилликни қарийб 50 млрд сўмлик соф фойда билан якунлаган. Uzum Bank ҳам шу давр мобайнида 2023 йилнинг яримдан (-4,6 млрд сўм) фарқли равишда 8,4 млрд сўмлик соф фойда қилган. Ziraat Bank Uzbekistan ҳам соф фойдасини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баравардан кўпроққа ошириб, 37,9 млрд сўмлик маржани қайд этган. Ориент Финанс банк ҳам ярим йилликни ўтган йилдагига нисбатан 44 фоизга кўпроқ фойда билан якунлаган ва банкнинг жами соф фойдаси 418,7 млрд сўмга тенг бўлган.

Шунингдек, Капиталбанк (+25 млрд сўм), Ҳамкорбанк (+128,6 млрд сўм), Ипак йўли банк (+30 млрд сўм), Трастбанк (+19,6 млрд сўм), KDB Bank Uzbekistan (+53,4 млрд сўм), Asia Alliance Bank (+30,1 млрд сўм), Универсал банк (+8,7 млрд сўм) ва Эрон Содерот банклар (+3,9 млрд сўм) 2023 йилнинг ярим йиллигига нисбатан кўпроқ соф фойда билан якунлагани қайд этилди.

Теглар:

#соф_фойда#тижорат_банклари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган