Алоқабанк 2,5 млрд. сўмга ходимларини ихтиёрий тиббий суғурта қилдиришни режалаштиряпти

Aloqabank inner office

Акциядорлик тижорат АТ "Алоқабанк" ўзининг 1380 нафар ходимини ихтиёрий тиббий суғурта қилдиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун банк томонидан чегаравий қиймати 2 млрд. 536 млн. сўмлик тендер "UzEx Tender" махсус порталига жойлаштирилган.

Тендер учун таклифлар 2 мартга қадар қабул қилинади. Иштирокчи компанияга қуйидаги талаблар қўйилган:

  • Суғурта фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлиш;
  • Ўзбекистон суғурта бозорида камида 25 йил фаолият кўрсатган бўлиши;
  • Устав капиталининг миқдори 30,0 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги;
  • Буюртмачи билан ҳамкорлиги бўйича депозит маблағлари миқдори 10,0 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги;
  • Иштирокчининг республиканинг барча маъмурий бирликларида камида 2 тадан кенг қамровли стационар клиника, кундузги стационар клиникалар ва дорихоналарининг мавжуд бўлиши.

Суғурталанувчи ходимнинг яқин қариндошлари ҳам суғурта полисидан тўлақонли фойдаланиши мумкин. Суғурта полиси шошилинч тиббий ёрдам, шифокорни уйга чақириш, амбулатор-поликлиника хизматларини ўз ичига олади. Шунингдек, дори-дармон таъминоти ҳамда стоматалогик хизмат кўрсатиш учун 30 фоизгача лимитлар тақдим этилади.

×