Tashkent City'да жойлашган учта банк биноларини сотиб олишга 4 нафар хорижлик талабгор қизиқиш билдирди

Tashkent City'да жойлашган учта банк биноларини сотиб олишга 4 нафар хорижлик талабгор қизиқиш билдирди

Фото: Улдис Лагановскис / Adobe Stock

“Tashkent City” ҳудудидаги Асакабанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Алоқабанкка тегишли янги кўп қаватли бизнес марказларини сотиб олиш бўйича 4 нафар талабгордан аризалар келиб тушган. Бу ҳақда Давактив матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозиргача 4 нафар Европа Иттифоқи, БАА ва Туркия давлатларидан бўлган талабгорлар томонидан активларни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар консультантга келиб тушди, деб хабар бермоқда Давактив.

Ушбу бизнес марказларини хусусийлаштириш жараёнида KPGM халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант ҳамда Deloitte халқаро компанияси мустақил баҳоловчи сифатида жалб этилган. Консультант томонидан аризалар маълум мезонлар асосида ўрганиб чиқилиб, мезон талабларига мувофиқ келадиган 4 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичига ўтказилган.

Консультант томонидан активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) босқичида ариза берган барча талабгорларга индивидуал равишда хабарнома юборилади, шунингдек, аввал маълум қилинган мезон талабларига мувофиқ деб топилган 4 нафар талабгорларга жараён хати “Process Letter” орқали навбатдаги босқич тўғрисида батафсил маълумот берилади, дейилади Давактив хабарида.

Навбатдаги босқичга ўтказилган 4 нафар таларбгор бизнес марказларни сотиб олиш нархи бўйича Мажбуриятга эга бўлган таклифларни 2024 йил 25 ноябрь соат 23:59 га қадар юборишлари лозим.

Консультант томонидан рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида савдо жараёнларига янада кўпроқ салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ишлари параллел равишда амалга оширилади ва активни сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest) бўйича аризаларни қабул қилиш давом эттирилиши қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг охирида "Tashkent City" бизнес маркази ҳудудидаги Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ва Алоқабанкнинг янги кўп қаватли бинолари очиқ савдо орқали сотилиши эълон қилинганди. Bankers.uz ушбу биноларга оид айрим очиқ ва қизиқарли бўлиши мумкин бўлган маълумотларни бир жойга тўплаганди.

×