Фото: e-auksion.uz
Алоқабанк Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган чинни ва фаянс маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводини савдога қўйди. Бу ҳақда банк махсус электрон аукционлар портали "e-auksion.uz"да эълон берди. Банк кузатув кенгашининг объектни сотиш бўйича тегишли қарори 2024 йил 14 октябрда қабул қилинган.
Объект ундаги асбоб-ускуналар билан биргаликда, мулкий мажмуа сифатида сотилади,ҳамда бошланғич қиймати ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 167 млрд сўм этиб белгиланган. Заводнинг ер майдони 5,6 гектарга тенг. Объектни сотиб олиш учун аризалар 9 декабрга қадар давом этади.
Завод бир неча шартлар асосида сотилиши белгиланган. Хусусан, бўлажак харидор мавжуд чинни ишлаб чиқариш фаолиятини сақлаб қолиши ва уни узлуксиз давом эттириши, чинни ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун халқаро бренд ва хорижий мутахассисларни жалб этиши, технологик жараёнларни янада модернизация қилиш учун қўшимча инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш ҳажмини оширган ҳолда, қўшимча иш ўринлари яратиши лозим.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, банкнинг заводни "Давактив" эмас, тўғридан-тўғри сотиш ҳақидаги қарори тўғри бўлган.
“Албатта, Алоқабанк Тошкент Чинни заводини сотишга қарор қабул қилиб жуда тўғри қилган, гарчи уни қуриш топшириғи-ю, иқтисодий самарасиз ва бозори йўқ бўлишини била туриб, қурилгани ва кўз-кўз қилиб топшириш аввалбошдан хато бўлган бўлса ҳам. Умид шуки, айнан Тошкент Чинни заводи мисолида банклар, ҳатто давлат банки бўлса ҳам завод қурмаслиги кераклигини ҳукумат аъёнлари яна бир марта тушуниб етишди. 100 марта хато бўлган иш, 101-сида тўғри бўлиб чиқмайди”, деб ёзди Отабек Бакиров.
Маълумот учун, 1952 йилда ишга туширилган Тошкент чинни заводи хусусийлаштирилгандан сўнг ишлаб чиқариш тўхтаб қолган эди. Президентнинг 2018 йил Олмазор тумани аҳолиси билан учрашувда заводни қайта ишга туширилиши ҳақида айтганди, сўнгра орадан бир йил ўтиб, 2019 йилнинг ноябрь ойида “Алоқабанк” томонидан қайта қуриб, ишга туширилган объектни бориб кўрган эди.
Фото: Президент Матбуот хизмати
Ўшанда мазкур лойиҳа қиймати 87 млрд сўмни ташкил қилгани, фойдаланилмаётган объект реконструкция қилиниб ҳамда қўшимча бинолар қурилиб, Хитойнинг "Huanggang Huauao Zhongbo Klin Technology Co. Ltd." компанияси ускуналари ўрнатилгани, корхонада 300 та иш ўрни яратилгани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Микрокредитбанкнинг бош офиси аукционда 103 млрд сўмга сотилган эди.
Тасодифий хабарлар
InfinBANK 200 фоизлик кешбэк олиш имкониятини тақдим этади
Марказий банк банкоматдан нақд пул ечишда тажриба тариқасида юқори комиссия тўлови амалиёти қўлланилганига муносабат билдирди
Туркия изидан Қозоғистон, Арманистон, Вьетнам банклари ҳам МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди