TBC Bank GGSF'дан 10 млн доллар жалб қилди

TBC Bank GGSF'дан 10 млн доллар жалб қилди

Фото: TBC Bank

TBC Bank Uzbekistan голландиялик инвестор “Triple Jump” ёрдамида Global Gender-Smart Fund (GGSF) дан 10 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб этди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар берди.

Ушбу маблағлар TBC UZ’га молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишни давом эттириш ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради. Жалб қилинган маблағлар TBC UZ экотизимини аёллар ва тадбиркор аёлларни кредитлаш йўналишини янада ривожлантиришга сарфланади.

Молиялаштириш GGSF жамғармаси томонидан, унинг портфель менежерларидан бири “Triple Jump” орқали амалга оширилади. Жамғарма молиявий хизматлардан фойдаланишдаги қарийб 1,7 трлн долларга баҳоланаётган глобал гендер тафовутини бартараф этишни мақсад қилган. Жамғарма молия соҳасида ижтимоий масъулиятни илгари суриш ва ривожланаётган мамлакатларда аёлларнинг молиявий инклюзивлигини оширишга қаратилган.

"Биз Triple Jump’ни ўз ҳамкорларимиз сафида кўраётганимиздан ва янги инвестицияларни жалб қилганимиздан мамнунмиз. Бу бизга маблағлар базасини диверсификация қилишни давом эттириш ва таклиф этилаётган маҳсулотлар қаторини кенгайтиришга ёрдам беради. Биз "Triple Jump"нинг ривожланаётган мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда молиявий инклюзивликни ошириш бўйича интилишларини қўллаб-қувватлаймиз ва қулай рақамли банк ечимларини барча учун очиқ бўлишини истаймиз”, деди TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани.

"Triple Jump"дан олинган кредит TBC UZ'томонидан шу йилнинг бошида жалб қилинган маблағларга қўшимча бўлди: Голландия тадбиркорликни ривожлантириш банкидан 40 млн доллар миқдоридаги кредит, Швейцариянинг импакт-инвестори responsAbility Investments AG’дан 20 млн доллар миқдоридаги кредит линиялари, BlueOrchard’дан 25 млн доллар ва ЕТТБдан 10 млн доллар миқдоридаги кредит. Шундай қилиб, 2024 йилда TBC Bank томонидан капитал бозорларига жалб қилинган маблағларнинг умумий қиймати 105 млн долларни ташкил этди.

Теглар:
×