"UZPAYNET" МЧЖ хусусийлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 мартдаги ПҚ-168-сон қарорига мувофиқ, "UZPAYNET" МЧЖ устав капиталидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш белгиланган. Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) "UZPAYNET"ни хусусийлаштириш бўйича консалтинг компанияси танлаб олиниши юзасидан танлов эълон қилди.

Paynet logo

Барча қизиқиш билдирган талабгорлардан тижорат таклифларини жорий йил 1 июль куни соат 18:00 га қадар тақдим этишлари мумкин.

Консультантлардан талаб этилган иш ҳажмини тўлиқ бажариш учун консорциумга киришлари ёки биргаликда қўшма таклифлар тақдим этишлари мумкинлиги айтилди.

Агар консорциум томонидан ариза тақдим этилса, консорциум битими тақдим этилиши сўралади. Агар биргаликда қўшма тижорат таклифи тақдим этилса, жалб қилинган шерик-консультантнинг ҳам ишини мувофиқлаштириш учун масъул ва жавобгарликни зиммасига оладиган асосий консультант кўрсатилиши лозим.

Танлов бўйича батафсил маълумотлар Давактив сайтида кўрсатиб ўтилган.

UZPAYNET ҳақида 

“UZPAYNET” МЧЖ – PAYNET тўлов тизимининu яратувчиси ҳисобланади. 1 апрелга қадар компания ушбу "PAYNET" бренди эгаси ҳам эди.

"PAYNET" савдо белгиси жорий йил 1 апрелдан эътиборан бренднинг дастлабки асосчиларидан бири — тадбиркор Ботир Арифджанов ҳаммуассислигидаги "Instant Payment Solutions" МЧЖ тасарруфига ўтган.

“UZPAYNET” компанияси Ўзбекистон бозорида 2005 йилдан буён 390 дан ортиқ турли хизматларни кўрсатиб келмоқда. Компаниянинг республика бўйича 21 000 та тўлов пунктлари хизмат кўрсатмоқда. 

"PAYNET" тўлов тизимига 2005 йилда Ботир Арифджанов ва унинг шериклари томонидан асос солинганди. Кейинчалик, бренд эгаси ҳисобланган “UZPAYNET” МЧЖ давлат тасарруфига ўтган, 2014 йилдан буён эса тўлиқ АТ "Халқ банки" муассислигида фаолият юритиб келаётганди.

2021 йил якуни бўйича “UZPAYNET” устав капитали 378,5 млн. сўм, соф активлари – 71,8 млрд.сўм, соф фойдаси – 94,6 млрд. сўмни ташкил этган.

×