Фото: TBC Bank
TBC Bank Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан (ЕТТБ) 10 миллион долларлик кредит маблағини жалб қилди. Пуллар TBC’нинг кредитлаш фаолиятини янада кенгайтиришга йўналтирилади, бунда кредитнинг камида 40 фоизи аёлларни молиялаштиришга ажратилади. Бу ҳақда банк матуот хизмати хабар берди.
Фото: TBC Bank
Қайд этилишича, ЕТТБнинг мазкур кредити TBC UZ’нинг молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш жараёнида, жорий йил бошида responsAbility Investments AG’дан жалб қилинган 10 миллион долларлик кредит линияси ва BlueOrchard’дан олинган 25 миллион долларлик қарз маблағларига қўшимча бўлди.
“ЕТТБнинг ушбу кредити нафақат ўз молиялаштириш базамизни янада хилма-хил қилади, балки кредитлаш фаолиятимизни кенгайтириш билан бир қаторда, Ўзбекистонда аёлларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш борасидаги вазифамизда муҳим қадам бўлади. Аёллар ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали биз барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга ва янада қамровли молиявий муҳитни шакллантиришга интиламиз”, деди TBC Group’нинг Ўзбекистондаги фаолияти бўйича бош директори Ника Курдиани.
ЕТТБ ҳақида
ЕТТБ уч қитъадаги 36 та мамлакатда хусусий сектор ва тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантиришга кўмаклашувчи кўп тармоқли банкдир. Банк 73 та давлат, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Европа Инвестиция Банкига тегишли. Ўзбекистон кетма кет тўрт йил давомида Марказий Осиёда ЕТТБ маблағларининг етакчи қабул қилувчиси бўлиб келмоқда. Бугунги кунга қадар Банк мамлакатдаги 162 та лойиҳага тахминан 4,7 миллиард евро миқдорида сармоя киритган.