2024 йил 1 январдан микроқарзлар учун лимит 100 млн сўмгача оширилмоқда

2024 йил 1 январдан микроқарзлар учун лимит 100 млн сўмгача оширилмоқда

Фото: Интернет тармоғи

Ўзбекистон Президенти 10 ноябрь куни "Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда микромолия хизматларининг ўрни ва улушини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Қарорда микромолия хизматлари кўрсатишни такомаллаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.

Хусусан, мазкур қарорга кўра, 2024 йил 1 январдан эса микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача оширилади.

Шунингдек, 2024−2026 йилларда микромолиялаш бозори ҳажмини камида 5 баробарга ошириш ва микромолиявий хизматлар билан 1 миллиондан ортиқ тадбиркорларни қамраб олиш режа қилинмоқда.

Бундан ташқари, микромолия ташкилотлари ресурс базасида жисмоний шахслардан жалб қилинадиган маблағлар миқдорини 2 баробарга ошириш ҳамда микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали расмий даромадга эга бўлмаган 500 мингга яқин шахсни ўзини ўзи банд қилиш ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Қарор билан:

  • Нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади.
  • Микромолия ташкилотларига норезидентлардан хорижий валютада қарз маблағларини жалб қилиш ҳамда юридик шахсларга хорижий валютада молиявий хизматлар кўрсатишга рухсат берилади.
  • Жисмоний шахс бўлган иштирокчилардан устав фондига киритилган ҳисса суммасининг ёки уларнинг эгалигидаги акциялар номинал қийматининг икки бараваридан ошмайдиган миқдорда қарз маблағларини жалб этишга рухсат берилади.
  • Микромолия ташкилотлари тегишли лицензия олган ҳолда тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
  • Жисмоний ва юридик шахслар томонидан эса нобанк кредит ташкилотининг устав капиталидаги улушга эгалик қилиш учун Марказий банк дастлабки рухсатномасини олиш талаби қонунчиликда белгиланган 10 фоизлик улушни 20 фоизга ошириш орқали юмшатилади. Бунда олинаётган улуш миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда Марказий банкни хабардор қилиш керак бўлади.

Ҳужжат билан, шунингдек, тижорат банкларига микромолия ташкилотларига кредит ажратишда уларнинг кўрсатилган микромолиявий хизматлари бўйича талаб қилиб олиш ҳуқуқини гаровга олиш ҳуқуқи берилади.

2024 йил 1 апрелгача микромолия хизматлари соҳасига ихтисослашган янги микромолия ташкилоти ташкил этилади. 2024 йил 1 январгача микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базаси ишлаб чиқилади.

×