Қарши шаҳрида банк ходимлари фуқаронинг уйига кирмоқчи бўлаётгани акс этган видео тарқалди

Қарши шаҳрида банк ходимлари фуқаронинг уйига кирмоқчи бўлаётгани акс этган видео тарқалди

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарёда икки банк ходими кечаси мижознинг уйига бостириб кирмоқчи бўлгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбанинг “Дарё”га хабар қилишича, мижоз салкам 19 миллиард сўм қарзини тўламай юрган.

Видеода акс этган икки эркак “Ипак йўли” АИТБнинг Қарши филиали ходимлари — бош ҳисобчи А.Т. ва банк бош мутахассиси Ш.Х. бўлиб, 7 июнь куни соат 21:40 ларда олдиндан таниши бўлган Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Д.С. билан суҳбатлашиш учун унинг яшаш уйига бориб, чақирганда чиқмагани сабабли унинг дарвозасини уриб, тепган. Маълум бўлишича, Д.С. “Smart Said” МЧЖ раҳбари бўлиб, вилоятда Pepsi, “Чортоқ” ичимлиги, Crafers қандолат маҳсулоти ҳамда Lays чипс маҳсулотларини сотиш билан шуғулланади ҳамда ушбу фаолият олиб бориш учун расмий дилер ҳисобланади.

Ўз навбатида, “Ипак йўли” АИТБ Қарши филиали томонидан “Smart Said” МЧЖга 2020—2021 йиллардаги келишув шартномаларига асосан жами 1 миллион 435 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган.

Бироқ, шу вақтга қадар ушбу МЧЖ кредит шартномасидаги мажбуриятларини бажармаган ва банк фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига асосий кредит қарздорлиги, муддати ўтган асосий қарзи, муддати ўтган фоиз қарзи жами 18,9 миллиард сўмни ундириш ҳақида 2024 йил 1 апрель куни даъво аризасини киритган бўлиб, суд 7 май куни даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.

Шунингдек, кредит маблағларини мақсадсиз ишлатилиши бўйича жамият мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиб, кўриб чиқиш учун Қарши шаҳар прокуратурасига юборилган.

×