Kaspi.kz HUMO тўлов тизимини сотиб олишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди

Kaspi.kz HUMO тўлов тизимини сотиб олишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди

Фото: Shutterstock

Kaspi.kz "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ ("HUMO" тўлов тизими) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича савдоларда иштирок этиш истагини билдирган. Бу бўйича тегишли хат HUMO'ни хусусийлаштириш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигининг маслаҳатчиси бўлган Deloitte халқаро компаниясига юборилган, дея хабар берди Forbes.kz.

"Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда ва биз давлатнинг очиқлик ва бозор иқтисодиётига содиқлик бўйича юқори натижаларини намойиш этаётганини кўриб турибмиз. Инвесторлар ва Kaspi.kz каби очиқ компаниялар учун жозибадорликни оширишга қаратилган ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Сармоядорларимиз ва акциядорларимиз орасида энг нуфузли америкалик ва глобал сармоядорлар, хусусан, BlackRock, Fidelity, Capital International, Ballie Gifford кабилар бор. Биз нақд пулсиз тўловлар ўсишининг катализатори бўлган ва иқтисодиётнинг ўсишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ва хизматларини ривожлантириш бўйича улкан тажрибамизни тўлдириб, HUMO компаниясининг амалдаги бизнес моделини ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Биз Ўзбекистонда технология ва ходимларга катта сармоя киритишни ўйлаяпмиз, бу эса HUMO тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада қулай қилади. Ушбу инвестициялар HUMO'нинг ривожланишига қўшимча туртки беради, ва бу орқали компания ўзининг технологик имкониятларини кенгайтиради. Ўз навбатида, бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини янада ошишига олиб келади ва мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ўсиши учун ҳаракатлантирувчи омил бўлади.", - деди Kaspi.kz раҳбари асосчиларидан бири Михаил Ломтадзе.

2024 йилда Kaspi.kz АҚШда NASDAQ фонд биржасида IPO ўтказганди, бу охирги икки йил ичида АҚШдаги энг йирик оммавий таклифлардан бирига айланган эди. Айни пайтда компаниянинг капитализацияси тахминан 24 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

2024 йилнинг ярим йиллиги якунларига кўра, “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖнинг (“HUMO” тўлов тизими) соф фойдаси 71,8 млрд сўмни ташкил этганди, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 51,2 фоизга кўпдир. Маълумот учун, HUMO'нинг 2023 йилда соф фойдаси 114,5 млрд сўмни ташкил этганди.

Аввалроқ, "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖни хусусийлаштириш жараёни бошлангани ҳақида хабар берилганди. Давактив компаниядаги 100% давлат улуши музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида сотилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига асосан Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тўлов тизими)даги 100 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилиши хабар қилинганди.

Теглар:
×