Фото: senat.uz
Сенатнинг бугун - 3 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга доир қонун маъқулланди.
Мажлисда қайд этилишича, бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳоллари мавжуд бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатларида бундай ҳоллар учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган.
Шу каби омиллар инобатга олинган ҳолда Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур Қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Хусусан, Қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базовий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик юзасидан Жиноят кодексига қўшимча модда киритилиб, унга кўра мазкур ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб базовий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тасодифий хабарлар
Апрель ойида Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул миқдори сезиларли кўпайди
InfinBANK БИЛАН ОРЗУЛР САРИ! 100$ ЭВАЗИГА ТАИЛАНДГА САЁҲАТ ҚИЛИНГ
Ўзагроэкспортбанк фаолиятини AVO Bank номи билан давом эттириши мумкин