631 млн сўмни онлайн қиморга тикиб юборган банк ходими 5 йилга қамалди

631 млн сўмни онлайн қиморга тикиб юборган банк ходими 5 йилга қамалди

Фото: Bankers.uz

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида давлат мулкини талон-торож қилиш ва коррупция билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, АТ «Халқ банки»Самарқанд филиалида чакана бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзининг номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 млн сўм кирим қилган. Ушбу маблағнинг барчасини «1 ХВЕТ» қимор ўйинига тикиб, ютқазиб қўйган, дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Ш.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш ва 2 йил банк соҳаларида моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

«Халқ банки» матбуот котиби Гулноза Алимованинг маълум қилишича, қонунбузарлик ҳолати содир бўлганининг эртаси куниёқ, 2023 йилнинг 6 мартида банк масъуллари томонидан аниқланган ва расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

«Фаолиятида қонунбузарликка йўл қўйган ходим ўша заҳоти ишдан бўшатилган ва ЖИБ Самарқанд туман Судининг 2023 йил 12 сентябрдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган», - дейди у.
×