Аввал хабар берганимиздек, кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг дастлабки концептуал лойиҳаси” ҳамда асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан Марказий банк Раиси ва раис ўринбосарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида иштирок этган Bankers.uz нашри бош муҳаррири Исмоил Туропов амалиётда банклар муаммоли кредитлар миқдорининг ўсиб бораётганлиги, уларни ундириш учун кўп инсон ресурсларини талаб қилаётгани ва бу турли хил муаммоли ҳолатларни келтириб чиқараётганлиги тўғрисида гапириб, ушбу муаммоли ҳолатларнинг ечими сифатида Ўзбекистонда коллекторлик тизимини йўлга қўйиш масаласи ҳақида Марказий банк раҳбариятига савол билан юзланди.
Ушбу саволга Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Захидов қуйидагича жавоб берди:
"Энди, қизиқ савол бердингиз. Вақти-вақти билан албатта бу масала кўтарилади - бизда ҳам коллекторлар керакми-йўқми, деган. Бизнинг назаримизда ҳозир бунинг вақти эмас. Сиз айтаётган уйма-уй юриб кредит ундириш, бошқа ҳолатлар бу, асосан, кўпроқ ижтимоий дастурлар билан боғлиқ. Сабаби бугунги кунда ижтимоий дастурлар доирасида кредит олган одамлар 900 мингдан ошган бўлса, бу ижтимоий дастурлар орқали берилган кредитларни маълум бир дисконт орқали коллекторга сотиб юбориб ва у коллектор бу хонадонлардан кредитларни ундириши, ўйлаймизки, бу дастурдан кўзланган мақсадга олиб келадиган иш эмас.
Қолган кредитларда эса ундиришда, албатта, қандайдир муаммолар бўлиши мумкин. Лекин сиз айтган муаммолар учраётганидан хабаримиз йўқ. Тижорат асосида берилган қандайдир микроқарзни ё автокредитни ёки ипотека кредитни бориб биров оламан деб "қўпол қилиб айтганда калтак еб чиқиб кетди", деб айтдингиз-да ҳозир. Унақа ҳолатнинг учраганини эшитганимиз йўқ. Кредитни ундирув тизимини яхшилаш бўйича бир қанча мутахассислар билан ҳамкорликда, банклар билан ҳамкорликда катта бир дастур бошлаганмиз. Бу секин-секин ўзининг натижасини берса керак. Бундан ташқари кредитни ундиришда IT технологияларни қўллаш, бошқа йўналишда ҳам бир қанча ишлар қиляпмиз. Бу дастур тайёр бўлганида, албатта, оммавий ахборот воситаларида эълон қиламиз. Лекин коллекторлик хизмати [йўлга қўйишнинг], менимча, ҳозир вақти бўлмаса керак".
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк тақдим этган статистикага кўра, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатида муаамоли кредитлар миқдори 18,47 трлн. сўм ёки жами кредит портфелнинг 6,0 фоизини ташкил қилмоқда. Муаммоли кредитларнинг катта қисми (88,3%) давлат улуши бор банклар ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунингдек, кечаги матбуот анжуманида Марказий банк раҳбарияти томонидан жорий йил 1 октябрь ҳолатига банк тизимидаги муаммоли кредитлар улуши 5,6 фоизга тушганлиги ҳам маълум қилинган. (ҳозирчалик Марказий банк сайтида расмий статистика эълон қилинмаган)
Аввалроқ, Bankers.uz Қаршида кредит ундирувига борганг банк ходимлари калтаклангани ҳақида хабар берган эди.
Видеофрагмент: УзрепортТВ
Тасодифий хабарлар
Ўзмиллийбанк "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасини тасарруфидан чиқарди
InfinBANK мижозлари энди Dibank хизматидан фойдаланишлари мумкин
TBC Bank Vendoo компаниясини сотиб олди