2024 йилнинг январь-июнь ойларида жами 6,883 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу ҳақда Марказий банк маълумот берди. Маълумот учун, 2023 йилнинг мос даврида жами 7 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилганди.
Инфографика: Марказий банк
Жорий йилда ипотека кредитилари ҳажми ўтган йил билан солиштирилганда катта фарқ билан камаймаган, бироқ ипотека кредитини олувчилар сони сезилари камайган. 2024 йилнинг биринчи ярмида кредит олувчилар сони 26,2 минг кишини ташкил қилган. 2023 йилнинг мос даврида эса 31,7 минг киши ипотека кредитларининг харидори бўлганди. Бундан ташқари, битта ипотека кредитининг ўртача миқдори 262,7 млн сўмни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилда 221 млн сўмга тенг бўлган.
Олти ой давомида Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан 847,1 млрд сўмлик, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2,3 трлн сўмлик, Иқтисод ва молия вазирлиги маблағларидан 3,67 трлн сўмлик маблағлар ипотека кредитлари учун йўналтирилган. Ипотека кредитларининг 61 фоизи бирламчи бозор учун ажратилган. Банклар ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг фоиз ставкаси йил бошидаги 23 фоиздан, июнь ойига келиб 25,1 фоизгача етган.
Ипотека кредитларининг 65 фоизини эркаклар, 35 фоизини аёллар олишган. Ёш тоифаси бўйича 31-50 ёшдаги аҳоли қатлами жами ипотека олувчиларнинг 70 фоизини ташкил қилган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (2 трлн сўмдан кўпроқ) етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти - 608,8 млрд, Фарғона вилояти - 569,8 мрлд сўм қайд этилган. Жиззах (159,6 млрд сўм) ва Сирдарё вилоятлари (117,2 млрд сўм) ипотека кредити ажратилиши бўйича бошқа вилоятларга қараганда ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг тегишли қарорига асосан 2024 йилда ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 трлн сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шуниндек, 2024 йилдан ипотека кредитларининг бошланғич тўловлари учун ажратиладиган субсидиялар бериш тартиби ҳам ўзгарганди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда UnionPay-HUMO кобейджинг карталари ишга туширилади
Мижозларни рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
HUMO тўлов тизими бир нечта банкларни ҳамкорликда етакчилигини эътироф этди