Фото: Марказий банк
Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров 1 июль санасини банкирлар учун касб байрами куни дея эълон қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда иқтисодчи ўзининг Телеграм-каналида эълон қилди.
Унинг ёзишича, Ўзбекистонда деярли барча соҳа вакиллари учун касб байрамлари бор. Жумладан, 27 июнь куни Ўзбекистонда \"Матбуот ва ОАВ ходимлари куни\" нишонланмоқда. Давлат раҳбари ҳам ушбу соҳа вакилларини байрам билан табриклади.
\"Янги даврда касб байрами йўқ бўлган кўп тармоқлар учун профессионал байрам кунлари тайинланган. Шунга қарамай, банкирлар учун ҳозиргача алоҳида касб байрами куни мавжуд эмас. 7 минг касабачи учун 11 ноябрни умумхалқ байрами деб эълон қилишаётган маконда 70 минг банкир учун касб байрами йўқлиги бироз ғалати.\", - дея ёзди Отабек Бакиров.
Маълумот учун, Россияда 2 декабрь, Қозоғистонда 15 ноябрь, Қирғизистон ва Арманистонда 10 май (миллий валюта муомалага киритилган кун), Молдовада 4 июнь (Молдова Миллий банки ташкил этилган кун), Украинада 20 май (банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун қабул қилинган кун) кунлари банк ёки молия ходимлари куни сифатида нишонланади.
\"Бизда, Ўзбекистонда банкирлар куни учун энг мос сана, шахсий фикримча, бу 1 июль. Айни шу санада, 30 йил аввал миллий валютамиз сўм расмий муомалага киритилган. Сўмни ва ўзбек банкирларини алоҳида тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ, албатта. Қолаверса, 1 июль ойнинг, чоракнинг ва ярим йилликнинг якуни билан банкирлар муаммоли кредитлар, ҳисоботлар ва турли топшириқлардан бироз тин оладиган кун. Шундай экан, 1 июлни ўзбек банкирларининг профессионал байрами деб эълон қилиш вақти келмадими?\", - дея таклиф берди иқтисодчи.
Бундан аввалроқ, 2019 йил 12 сентябрда Bankers.uz нашри асосчиси ва бош муҳаррири Исмоил Туропов “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар веб-порталида Ўзбекистонда банк ва молия соҳаси ходимлари учун касб байрамини белгилаш тўғрисида жамоавий мурожаат қолдирганди. Мурожаатда мазкур касб байрами кўпгина давлатларда борлиги айтилган бўлиб, банк-молия соҳаси ходимларининг ўзаро жипслигини таъминлаш, ўз касбига бўлган меҳрини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистонда ҳам мазкур соҳа ходимлари учун махсус касб байрамини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланганди.