Ҳафта давомида эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести

Ҳафта давомида эълон қилинган энг муҳим янгиликлар дайжести

Bankers.uz сайтида эълон қилинган материаллар:

БАА компанияси Пойтахт банкни сотиб олди

Бирлашган Араб Амирликларининг "Bond Investments limited LLC" компанияси Пойтахтбанкни 10 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Аввалроқ мазкур банкни Россиянинг "Экспобанк" АЖ сотиб олмоқчи бўлган, бироқ халқаро муносабатлардаги вазият туфайли келишув бекор қилинганди.

Май ойида банкларнинг муаммоли кредитлари 2,4 трлн сўмга камайди — таҳлил

Тижорат банкларининг жами кредит портфели май ойида 6,6 трлн сўмга, хусусан давлат банкларида 4,2 трлн сўмга ортган. Муаммоли кредитлар ой давомида 2,4 трлн сўмга камайиб, 20,9 трлн сўмни ташкил қилган. NPL давлат банкларида 1,4 трлн сўмга, бошқа банкларда 973 млрд сўмга камайган, улуши эса 4,3 фоизгача тушган.

Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси кетма-кет еттинчи кун пасайди

АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 21—27 июнь оралиғида жами 85 сўм 75 тийинга (12 643,91 сўмдан 12 555,16 сўмгача) пасайди. Марказий банк 13 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда реал алмашув курсининг маълум даражада мустаҳкамланиши кутилаётганини айтганди.

Ўзбекистонда “Банк ва молия соҳаси ходимлари куни”ни белгилаш таклиф қилинди

Иқтисодчи Отабек Бакиров 1 июль санасини банк ходимлари учун касб байрами деб эълон қилишни таклиф қилди. Унинг ёзишича, янги даврда кўп тармоқлар учун касб байрам кунлари тайинланган бўлса-да, 70 мингдан зиёд банк тизими вакиллари учун алоҳида касб байрами йўқ. Бу масала 2019 йил "Менинг фикрим" порталига қўйилган, бироқ етарли овоз тўплолмаган эди.

Ўзмиллийбанк Лондон фонд биржасида навбатдаги халқаро облигацияларини жойлаштирди

Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзмиллийбанк икки траншдан иборат жами 411 млн АҚШ доллари миқдоридаги облигацияларни Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирди. Облигациялар икки валютада — 300 млн АҚШ доллари 5 йил муддатга, 1,4 трлн сўми эса 3 йил муддатга қўйилган.

Иккита ҳудудда имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилинган ҳолатлар аниқланди

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида МЧЖ раҳбари 850 млн сўм имтиёзли кредит маблағини, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида эса бошқа МЧЖ раҳбари 550 млн сўм имтиёзли кредит маблағини талон-торож қилгани аниқланган. Ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растра йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Асакабанк Тошкентдаги йирик корхонага пресс-тур уюштирди (фотожамланма)

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган, лойиҳа қиймати 16,7 млн доллар бўлган “ALUMINIUM SYSTEMS” MЧЖга уюштирилган пресс-турда, ОАВ вакиллари саноатнинг барча тармоқларида кенг қўлланиладиган алюмин ва биметал радиатор маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Bank of China санкцияга учраган Россия банклари билан операцияларни тўхтатгани айтилмоқда

24 июндан Россия ва Хитой ўртасида юанда тўловларни амалга оширишга ихтисослашган Bank of China’нинг Россиядаги шўъбаси Американинг санкциялар рўйхатига (SDN List) киритилган Россия банклари билан операцияларни тўхтатган. АҚШ санкцияларига дучор бўлмаган ҳамкорлар билан ишлаш давом этиши қайд этилган. Bank of China ушбу хабарларга нисбатан муносабат бермаган.

Иккита ҳудудда имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди

Бухоро шаҳрида ўзини ҳокимият ишчиси сифатида таништириб, танишлари орқали 350 млн сўм имтиёзли ипотека кредити олиб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган, Қорақалпоғистонда эса, юқори лавозимдаги танишлари орқали Беруний туманидаги банклардан биридан 200 млн сўм имтиёзли кредит олиб бериш эвазига 2000 доллар талаб қилган шахслар ушланди.

Халқ банки хотин-қизлар учун махсус электрон ахборот тизимини ишга туширди

Халқ банки ва “Realsoft” МЧЖ ҳамкорлигида хотин-қизларни бизнесга жалб қилиш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи махсус электрон ахборот тизими – “Лойиҳалар фабрикаси” ишга туширилди..

Ўзмиллийбанк Хитой давлат тараққиёт банкидан 2 млрд юань кредит линияси жалб қилмоқда

25 июнь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Банклараро бирлашмаси кенгашининг XX йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбир доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Хитой давлат тараққиёт банки ўртасида 2 млрд Хитой юани (271 млн доллар) миқдорида кредит линиясини жалб қилиш юзасидан келишув имзоланди.

Ўзбекистон банкларида фаолият олиб бораётган ёш раҳбарлар — рўйхат

Bankers.uz Ўзбекистон банк тизими раҳбариятида ишловчи, 40 ёшга тўлмаган ходимлар рўйхатини тузиб чиқди. Маълумотларга кўра, 6 та тижорат банкида бошқарув раислари, 5 та тижорат банкида бошқарув раисининг биринчи ўринбосарлари ёш ходимлар ҳисобланади. Шунингдек, тизимда хизмат қилаётган 27 та бошқарув раиси ўринбосарларининг ёши ҳали 40 ёшга етмаган.

Бошқа манбалардаги янгиликлар:

Капиталбанкнинг 156 млрд сўмлик акциялари сотилди

25 июнда фонд биржасида Капиталбанк акциялари бўйича 156 млрд сўмлик битим қайд этилди. Акциялар ўзининг номинал нархида (1 акция - 950 сўм) сотилган. Бу 2023 йил январь ойидан бери амалга оширилган энг катта битим ҳисобланади. Ўшанда ҳар бир акция нархлари бу сафаргидан 3,5 баробарга қимматроққа (1 акция 3670 сўмдан) сотилганди.

OTP Bank “Ипотека банк”ни тўлиқ сотиб олмоқчилигини билдирди

Венгриянинг OTP Bank Group компанияси “Ипотека банк”нинг қолган акциядорларига акцияларини сотишни таклиф қилди. Таклиф — ҳар бир оддий акция учун 1,1 сўм ва ҳар бир имтиёзли акция учун 3 сўмдан. OTP Bank роппа-роса бир йил аввал 2023 йил ёзида Ипотека банкни расман сотиб олганди ва ҳозирда банкда гуруҳнинг улуши 79,58 фоизни ташкил қилади. 

Май ойида банклар 1,2 трлн сўм фойда кўрди

2024 йилнинг январ—май ойларида Ўзбекистон банклари умумий 4,2 трлн сўм соф фойда олди. Бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 640 млрд сўмга камроқ. Тижорат банклари май ойида 1,2 трлн сўм фойда олди.

Халқ банкида бэк-офис амалиётларини марказлаштириш муваффақиятли якунланди

Эндиликда банкнинг 263 та банк хизматлари марказларида бек-офис амалиётлари ягона операциялар марказида амалга оширилади.

Тенге банк мобил иловасида 1 июлдан ойлик комиссиясиз ўтказмалар миқдорини 10 млн сўмгача оширилади

Тенге банк ўзининг мобил иловаси орқали UZCARD ёки HUMO карталари иштирокида ойлик комиссиясиз ўтказмалар миқдорини 10 млн сўмгача оширганини маълум қилди.

TBC Bank Швейцария компанияси 10 млн доллар миқдорида кредит шартномасини имзолади

TBC Bank Uzbekistan responsAbility Investment AG (активларни бошқариш бўйича Швейцариянинг етакчи компанияси) билан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит шартномасини имзолади. Бу томонлар ўртасидаги иккинчи келишув бўлди.

Теглар:
×