Фото: Bankers.uz
Марказий банк маълумотларига кўра, июнь ойида миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 22 фоизгача етган. Бу омонатлар бўйича ўртача ставкалар очиқланаётган давр учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Шунингдек, бизнес учун муддатли депозитлари бўйича ставка кескин 1,7 фоизга ошиб ва 17,9 фоизгача етди. Май ойида бу кўрсаткич 16,2 фоизга тенг бўлганди.
Манба: Марказий банк
Ўтган ой якунига кўра, жисмоний шахслар учун миллий валютадаги кредитлар бўйича ставка 24,6 фоизни (май ойида — 24,5%) ташкил этган бўлса, юридик шахслар учун бу кўрсаткич 22,7 фоизгача (22,4 фоиздан) ошди.
\"Ставкаларнинг юқорилаб бораётгани корпоратив депозитлар бозори билан боғланмаган чакана депозит бозорида ресурслар учун курашнинг кучайиб бораётгани ва айни пайтда кредитлаш суръати секинлашаётгани фонида юз бермоқда\", — деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Июнь ойида жисмоний шахслар учун хориж валютасидаги депозитларнинг фоиз ставкалари 0,2 фоизга пасайди ва 5,4 фоизга тенг бўлди. Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари эса 0,3 фоизга ошиб, 5,8 фоизни ташкил қилди.
Манба: Марказий банк
Хориж валютасидаги қисқа муддатли кредитлар фоиз ставкалари 10,2 фоизгача ошган бўлса, узоқли муддатлилариники эса 1,4 фоизга арзонлаган ва 9,5 фоизга тенг бўлган.