Фото: Ипотека банк
Ўзбекистон банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этаётган биринчи ғарб банки сифатида ОTP Bank, мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси – “Ипотека-банк”нинг асосий акциядорига айланди. Бугун, банкни сотиб олишнинг биринчи босқичи якунланди, OTP Bank Ипотека-банкнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акциялардан 75 фоизини сотиб олди, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда сотиб олинади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида OTP Group ўз фаолиятини йўлга қўяётган биринчи давлат бўлиб, ўзбек банк бозорига кириш Гуруҳ тарихида янги саҳифа очади. Ипотека-банк активлари бўйича банк бозорининг 7,6 фоиз улушига ҳамда 1,5 миллионга яқин чакана мижозларга эга. Ушбу (эгалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим Ипотека-банк мижозларидан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширишни талаб қилмайди.
ОTP Bank 2020 йил охиридан буён Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат банк секторини хусусийлаштиришда иштирок этиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб борган эди. 2022 йилнинг декабрь ойида, Тошкент шаҳрида томонлар мамлакатнинг бешинчи йирик молиявий хизматлар кўрсатувчи муассасаси – Ипотека-банкнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акцияларининг 100 фоизини (умумий банк акциялардаги улуши тахминан 98 фоиз) ОТP Bank томонидан сотиб олиш юзасидан олди-сотди шартномасини имзолаган эдилар. Бугун молиявий амалиёт муваффақиятли якунланди ва ОTP Bank Ипотека-банкнинг қонуний назорат органига айланди. Натижада, ОTP Bank Ипотека-банкнинг 73,41 фоиз эгалиги билан асосий акциядорига ҳамда билвосита банкка тегишли молиявий лизинг билан шуғулланувчи “Ipoteka Lizing” ва суғурта хизматларини таклиф қилувчи “Imkon Sugurta” жамиятларининг эгасига айланди. Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ОТP Bank билан ҳамкорликда келгусида Ипотека-банкни молиявий ва трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлашни давом эттириши маълум қилинган.
“Ўзбекистон банк бозорини хусусийлаштиришда иштирок этган биринчи ғарб вакили бўлиш ОTP Гуруҳи учун катта масъулият ва улкан имкониятдир. Мамлакатда бозор иқтисодиёти тобора очиқ ва рақобатдош бўлиб боришига интилиш амалга оширилаётган қатъий сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларда намоён бўлмоқда. Рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар ва инфратузилма учун киритилаётган инвестициялар Ўзбекистон иқтисодиёти, ҳусусан Ипотека-банкни асосий иштирокчи сифатида келгуси йиллар ва ўн йилликларда динамик ва барқарор ўсишга эришиши учун ажойиб асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги биз инвестиция киритган биринчи давлат бўлиб, биз ипотека кредитлаш бозорида етакчиликка олиб келган ва мижозларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш стратегиясига таянамиз”, деди ОТP Bank Бошқарув раиси ва бош директори Шандор Чанъи. “Ипотека-банкнинг маҳаллий тажрибаси ва ОТP Гуруҳининг 11 мамлакатдаги 23 дан ортиқ банкларни сотиб олишда тўплаган билимларини боғлаш орқали Ипотека-банк мавқеъини янада мустаҳкамлашига қатъий ишонамиз. Бизнинг мақсадимиз мижозларимизга кенг филиаллар тармоғи ва юқори сифатли рақамли хизматлар орқали ҳам чакана, ҳам корпоратив сегментларда молиявий хизматларнинг тўлиқ тўпламини таклиф қилишдир”, дея қўшимча қилди у.
“ОТP Bank каби йирик хорижий банкнинг маҳаллий бозоримизга кириб келиши рақобатни кучайтиришга, корпоратив бошқарув стандартларини такомиллаштириш ва банк хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади”, – дея таъкидлаган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев.
“Биз барчамиз ОТP Гуруҳи томонидан Ипотека-банк мижозлари, ходимлари ва ҳамкорларига тақдим этиладиган янги имкониятларни интиқлик билан кутмоқдамиз. 2019 йилдан буён Ипотека-банк узлуксиз трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда, бу эса барқарор ўсиш ва маҳаллий банклар орасида кучли позицияни эгаллаш имконини бермоқда. Мазкур битим, албатта, бизнинг тарихимизда яна бир муҳим босқич бўлади ва шубҳасиз, ОТP Банк гуруҳининг аъзоси сифатида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатининг янада юқори стандартларини тақдим эта оламиз ҳамда янги рақамли технологиялар, маҳсулотлар ва бошқарув тажрибаси ёрдамида банк секторида етакчиликка эришамиз.”, - деди Ипотека-банк Бошқарув раиси Элёр Иномжонов.
Транзакция амалга ошгандан кейинги мақсад, бугундан бошлаб муваффақиятли интеграция жараёнини ўтказишдир: OTP Group ва Ипотека-банк биргаликда мижозлар, ходимлар ва ҳамкорлар га янги имкониятларни таклиф қилиш мақсадида бизнес амалиётлари, филиаллар тармоғи, тизимлар, маҳсулотлар ва инновацияларнинг турли жиҳатларини синчковлик билан ўрганиб чиқади. Ипотека-банк мижозларидан ушбу (егалик ҳуқуқини ўтказиш билан боғлиқ) битим ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширишни талаб этмайди ва уларга интеграция жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумотлар тақдим этилади.
Ипотека банк ҳақида
Ипотека-банк активлари ҳажми бўйича 7,6 фоиз бозор улушига эга Ўзбекистоннинг бешинчи йирик банки ҳисобланади. Банк йирик корпоратив мижозларга эга бўлишдан ташқари, чакана мижозлари сони 1,5 миллионни ташкил этади ва 39 та филиаллар тармоғи, 200 дан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатиш марказлари орқали ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Банк активлари, сўнгги уч йилда кредит портфелида йиллик ўртача 20 фоиз, депозит портфелида эса 24 фоизга ўсиш ҳисобига кўпайиб, сўнгги йиллардаги соф фойдаси ҳам доимий равишда яхшиланиб бормоқда.
ОТP Group ҳақида
ОТP Group, юқори рентабеллик, барқарор капитал ва ликвидлик позициясига эга бўлган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги энг тез ривожланаётган ва етакчи банк гуруҳларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё ва Шарқий Европанинг 12 мамлакатида 41 000 дан ортиқ ходимга эга бўлган гуруҳ 17,5 миллиондан ортиқ мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Марказий ва Шарқий Европа минтақаси банк секторидаги энг фаол молиявий бирлаштирувчи сифатида Гуруҳ 2000 йиллардан бошлаб 23 та банкни муваффақиятли сотиб олди ва бирлаштирди. Ҳозирги вақтда банк Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда бозор етакчиси ҳисобланади. ОТP Гуруҳи бош оффиси Венгрияда жойлашган бўлиб, мулкчиликнинг диверсификацияланган ва шаффоф тузилмасига эга. Банк Гуруҳи 1995 йилдан бери Будапешт фонд биржасида рўйхатга олинган.