Ўзбекистоннинг энг ишончли банклари — 2024 йил

Ўзбекистоннинг энг ишончли банклари — 2024 йил

Иллюстратив фото: Bankers.uz

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий банкидан банк фаолиятини амалга ошириш учун 36 та банк лицензия олган. Бироқ айрим банклар ҳали тўлиқ фаолиятини бошламаганини инобатга олсак, тўлақонли фаолият юритадиган банклар сони тахминан 30 та бўлиши мумкин. Ўзбекистон банкларини мулкдорлари таркибига кўра шартли равишда давлат банклари (10 та), хорижий банкларнинг шўъба банклари ёки бевосита хорижий капитал иштирокчидаги банклар (6 та) ҳамда хусусий ва бошқа банклар (20 та) га бўлсак бўлади. Сўнгги йилларда 3 та давлат банки - "Ипотека банк", "Азия Альянс банк" ҳамда "Ўзагроэкспортбанк" хусусийлаштирилди. Ипотека банкнинг хусусийлашиши Ўзбекистон бозорига можорлар капиталини олиб кирган бўлса, Tenge Bank, Ziraat Bank Uzbekistan, TBC Bank каби банкларнинг очилиши ҳам хорижий банкларнинг Ўзбекистонда ўз шўъба банкларининг фаолият юритишига сабаб бўлди. Маълумотлара кўра, Ўзбекистон банкларининг жами активлари 2024 йил бошига қарийб 652 трлн сўмни, жами устав капитали 68,1 трлн сўмни ташкил қилган.

Жаҳон банки қайд этганидек, Ўзбекистон охирги етти йилда иқтисодиётни либераллаштиришга эришиш ва макроиқтисодий бошқарувни такомиллаштириш мақсадида "ўтиш даври сиёсати"ни олиб бормоқда. Ушбу сиёсат доирасида мамлакат ҳукумати 2025 йилга қадар иккита банкни (ЎзСҚБ, Асакабанк) хусусийлаштиришни режалаштирган. Банклар эса рентабелликни ошириш, инвестицион жозибадорликни ва корпоратив бошқарув амалиётини яхшилаш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг ёрдамида ўз бизнес моделларини сезиларли даражада ўзгартиришлари керак. Шунингдек, "Ўзбекистон-2030" стратегиясига кўра, 2030 йилда давлат тасарруфида 3 ёки 4 та банк қолиши кўзда тутилган.

Ўзбекистондаги банклар мижозлари - корпоратив ва чакана сегмент вакиллари кўпинча "қайси банк ишончли" деган савол билан мурожаат қилади. "Ишончлилик" кўрсаткичи кенг маънода бўлгани ҳамда уни ҳисоблаш бўйича аниқ методика ва параметрлар берилмагани боис, Bankers.uz нашри Ўзбекистон банкларининг "ишончлилик даражаси" бўйича ўзига хос рейтинг тузишга қарор қилди. Мазкур материалда Ўзбекистон бакларининг халқаро даражадаги баҳоланиш ҳолати, қисқача тарихи ва ҳозирги ҳолати билан ҳам таништиришга ҳаракат қилдик. Ушбу рейтинг таҳририят томонидан мустақил тарзда тузилган бўлиб, рейтингга кирмаган банклар ишончсиз эканини англатмайди.

Рейтингни қандай туздик

Банклар халқаро рейтинг агентликларининг "катта учлиги" (Fitch, S&P, Moody's) томонидан берилган энг юқори баҳолар бўйича сараланди – баландроқ баҳога эга бўлганлар кўпроқ балл олишди. Ҳар бир рейтинг агентлигидан олинган баҳолар максимал 5 баллик тизимда ҳисобланди (рейтинг баҳолари ҳақидаги маълумотлар банкларнинг расмий веб-сайтларидан олинди). Шунингдек, банкларнинг жами активлари (10 баллик тизимда), устав капитали (6 баллик тизимда) ва депозит қўйилмалари (5 баллик тизимда) ҳам балл беришда ҳисобга олинди. Баллар тенг бўлиб қолган тақдирда юқорида тилга олинган кўрсаткичлари яхшироқ бўлган банк юқорироқ ўринни эгаллади. Рейтингдаги кўрсаткичларнинг барчаси 2024 йилнинг 1 январь ҳолати бўйича кўрсатилган.

"Ўзмиллийбанк" акциядорлик жамияти

Халқаро рейтинглари "Fitch" — BB-, "S&P" — BB-, "Moody’s" — Ba3.

Бошқарув раиси - Алишер Мирсоатов.

Кузатув кенгаши раиси - Лазиз Кудратов (Инвестициялар, саноат ва савдо вазири).

Ўзмиллийбанк 1991 йилда, Мустақилликдан бир неча кун ўтиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов фармонига асосан ташкил этилган. Банклар ичида активлари, устав капитали ва депозит қўйилмалари бўйича етакчи банк ҳисобланади. 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, банк активлари 127,5 трлн сўмдан ошди, кредит портфели 95,3 триллион сўмни ташкил этди, умумий капитали 17,8 трлн сўмга етди. Ўзмиллийбанк Ўзбекистоннинг халқаро операциялар ҳамда вакиллик муносабатлари бўйича асосий "агент" банки бўлиб келган. Шунингдек, давлатнинг мутлақ эгалиги ва қўллаб-қувватлаши ҳамда нисбатан кенг тарқалган инфратузилма унинг мамлакатдаги "энг катта банк" мақомида қабул қилинишига сабабчи бўлган.

"Асакабанк" акциядорлик жамияти

Рейтинглари "Fitch" — BB-, "S&P" — BB-, "Moody’s" — Ba3

Бошқарув раиси - Кудратилла Туляганов.

Кузатув кенгаши раиси - Шуҳрат Вафаев (Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори).

Банк 1995 йилда автомобиль саноатини қўллаб-қувватлаш ва фуқароларга "автомобиль сотиб олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш" мақсадида ташкил этилган. 2001 йилда универсал тижорат банки мақомини олган. Банкнинг умумий капитали ҳажми 6,6 трлн сўмни, кредит портфели эса 39,2 трлн сўмни ташкил қилади. Банкнинг корпоратив сегмент ҳамда чакана мижозлар орасидаги имижи асосан автокредитлар бўйича етакчи банк сифатида "танилган"идан келиб чиққан дейиш мумкин. Ўрта муддатли истиқболда (2025 йил охиригача) ҳукумат банкни хусусийлаштиришни режалаштирган бўлса-да, мазкур банкни 2000 йилдан бери хусусийлаштириш "орқага сурилиб" келинаётганини қайд этиш мумкин. "Fitch" халқаро рейтинг агентлиги вакили жорий хусусуйлаштириш муддатини - 2025 йил охирини ҳам узайтирилишини тахмин қилган. Бир неча кун аввал Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукумат "Ўзсаноатқурилишбанк" хусусийлаштирилишини тезлаштириш устида ишлаётганини, май ойида "Асакабанк"ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ЕТТБ билан келишув имзоланиши режа қилинганини билдирди.

"Ипотека банк" акциядорлик тижорат ипотека банки

Рейтинглари "Fitch" — BB-, "S&P" — BB-, "Moody’s" — Ba3

Бошқарув раиси - Элёр Иномжонов

Кузатув кенгаши раиси - Ласло Вольф ("OTP Bank Plc" Бош директори ўринбосари).

Ипотека-банкнинг тарихи 1996 йилга уй-жой билан таъминлаш шароитларини яхшилаш мақсадида "Тошкент уй-жой жамғарма банки" ташкил этилганлигига бориб тақалади. Айнан Ипотека банк халқ орасида кенг тарқалган "банк уйлари" иборасини кириб келишига сабаб бўлган, ипотека кредитларини оммалашувига катта ҳисса қўшган банк ҳисобланади. Унинг имижи кўпроқ уй-жой коммунал хизматлари ташкилотларига хизмат кўрсатувчи банк сифатида шаклланган. Шунингдек, банк йирик саноат корхоналарига хизмат кўрсатиш бўйича ҳам тажрибага эга бўлиб келган. 2023 йил 13 июнь санасида банкни хусусийлаштиришнинг биринчи босқичи якунланди, "OTP Bank" Ипотека-банкнинг Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига тегишли акциялардан 73,71 фоизини сотиб олди, қолган 25 фоизи 3 йиллик муддатда сотиб олинади. Шу санадан бошлаб Ипотека банк расман OTP Group аъзосига айланди. 2024 йил бошида банкнинг жами капитали 7,5 трлн сўмга, кредит портфели эса 37,2 трлн сўмга тенг бўлган.

"Агробанк" акциядорлик тижорат ипотека банки

Рейтинглари "Fitch" — BB-, "Moody’s" — Ba3.

Бошқарув раиси - Рустам Маматкулов.

Кузатув кенгаши раиси - Ахадбек Ҳайдаров (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари).

Банк 1988 йил 1 январда ЎзССР Давлат банки асосида СССР Агропромбанкининг бўлинмаси сифатида ташкил этилган. 1990 йилда ҳукумат қарори билан "Ўзагропромбанк" номи остида акциядорлик тижорат банкига айлантирилган. Кейинчалик "Пахтабанк", 2009 йилдан эса, "Агробанк" номини олган банк асосан қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатиши билан танилган. Бироқ, 2021 йилда амалга оширилган ребрендингдан сўнг, банк стратегияси тубдан ўзгарган ва унга кўра, банк универсал хизматлар кўрсатувчи, кенг тармоқли экотизим банкига айланишни бошлаган. Агробанкнинг Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқалган инфратузилмаси унинг (асосан вилоятлардаги) чакана мижозларнинг йирик базасига эга бўлишига замин яратган. 2024 йил бошига банкнинг кредит портфели 54,4 трлн сўмни, умуий капитали эса 12,2 трлн сўмни ташкил қилган.

"Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки

Рейтинглари "Fitch" — BB-, "S&P "— BB-.

Бошқарув раиси - Азиз Акбаржонов.

Кузатув кенгаши раиси - Одилбек Исаков ("Infrasia Capital" консалтинг компанияси таъсисисчиларидан бири ва бош директори, Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси).

Банк тарихи 1922 йил 28 октябрда Тошкентдаги савдо-саноат банкининг Ўрта Осиёдаги идораси сифатида ташкил этилишига бориб тақалади. Ўзбекистон ҳудудидаги энг кекса банклардан бири ҳисобланади. Банк асосан йирик саноат корхоналарига хизмат кўрсатиб келган бўлса-да, корпоратив мижозлари ходимларини чакана мижозлар сифатида жалб қилиш орқали, ушбу сегментда ҳам "танилган" дейиш мумкин. Ўзсаноатқурилишбанк халқаро миқёсда еврооблигацияларни чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш тажрибасига ҳам эга. Юқорида таъкидланганидек, банк 2024 йилнинг сўнгига қадар хусусийлаштирилиши ҳукумат томонидан режалаштирилган. 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, банкнинг жами капитали 8,7 трлн сўмни, кредит портфели эса 57,1 трлн сўмни ташкил қилган.

Акциядорлик тижорат "Халқ банки"

Рейтинглари "Fitch" — BB-, "S&P" — B+.

Бошқарув раиси - Шуҳрат Атабаев.

Кузатув кенгаши раиси - Тимур Ишметов (Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари)

Ўзбекистондаги энг қадимий банк - Халқ банки 1875 йил 10 майда Россия империяси Давлат банкнининг Тошкент филиали сифатида очилган. 1993 йилдан "Ўзжамғармабанк" сифатида фаолият кўрсатишни бошлаган. 1995 йилда эса "Ўзжамғармабанк" Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига айлантирилган.

Банк тарихан фуқароларнинг "жамғарма банки" сифатида танилган бўлса, мустақилликдан кейинги йилларда пенсия маблағларини тарқатиш жараёни ва давлатнинг бошқа ижтимоий ҳимоя функциялари ҳам бевосита Халқ банки иштирокида бажарилган. Шунингдек, банкнинг республика бўйлаб деярли ҳамма туманда мавжуд, кенг тарқалган инфратузилмаси бренд номи танилишига сабаб бўлган. Халқаро экспертлар давлатнинг ижтимоий функциялари юклатилганлиги боис, банкнинг хусусийлашини сўроқ остига олишган. Бироқ, давлатнинг мунтазам қўллови уни ишончли банклар қаторида бўлишини ҳам таъминлайди. Йил бошига Халқ банкининг жами капитали 5,8 трлн сўмни, кредит портфели эса 24,5 трлн сўмни ташкил этган.

Бизнесни ривожлантириш банки

Рейтинглари "Fitch" — BB-

Бошқарув раиси - Сахи Аннакличев.

Кузатув кенгаши раиси - Жамшид Қўчқоров (Бош вазир ўринбосари, Иқтисод ва молия вазири).

Банк тарихи 1994 йилда ташкил қилинган "Ғаллабанк"ка бориб тақалади. 2009 йилда "Ғаллабанк" негизида "Қишлоқ қурилиш банк" очилган. 2023 йилнинг сентябрь ойида эса Президент қарорига асосан Бизнесни ривожлантириш банкига ўзгартирилган. Қарорга асосан бевосита банк иштирокида Ўзбекистонда “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилмоқда. “Бизнесни ривожлантириш банки” дастурни самарали амалга ошириш бўйича асосий таянч банк сифатида белгиланган. Дастурни 2023-2026 йилларда амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан 6 трлн сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 млрд доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилиши белгиланган. Банк кредит портфели 21,8 трлн сўмни, умумий капитали эса 3,18 трлн сўмни ташкил этган. Давлатнинг бизнесни қўллаб-қувватлашдаги асосий "агенти" эканлиги ҳам банкнинг ишончли банклар қаторига киритади.

"Микрокредитбанк" акциядорлик тижорат банки

Рейтинглари "Fitch"— BB-, "Moody's" — Ba3.

Бошқарув раиси - Ориф Бутаев.

Кузатув кенгаши раиси - Сайланиши кутилмоқда.

Банк дастлаб 1993 йилда "Ўздеҳқончиликсаноатбанк" негизида "Тадбиркорбанк" АТБ сифатида ташкил этилган, кейинчалик - 2006 йил "Микрокредитбанк" АТБ номини олган. Банкнинг умумий капитали 1 январь ҳолатига кўра, 3,9 трлн сўмга, кредит портфели 14,4 трлн сўмга тенг. Банк миссияси сифатида "кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш, ҳунармандчилик ва касаначиликни фаоллаштириш йўли билан янги иш ўринларини яратиш" келтирилган. Банк нисбатан паст самарадорлик кўрсаткичларига эга бўлса-да, мунтазам давлат ва ҳукумат қўлловига эга бўлиб келади, шунингдек Халқ банки ва Агробанк билан бир қаторда давлатнинг имтиёзли кредитлаш дастурларидаги воситачиси бўлиб ҳисобланади.

"Капиталбанк" акциядорлик тижорат банки

Рейтинглари "Fitch" — B, "Moody's" — B2.

Бошқарув раиси - Кирилл Маевский.

Кузатув кенгаши раиси - Мақсуд Абдусаматов (тадбиркор).

Банк Ўзбекистондаги биринчи хусусий тижорат банкларидан биридир. 2001 йил апрель ойи Марказий банк лицензиясини қўлга киритган 2004 йилда "Авиабанк" АТБ билан бирлашган. 2008 йилдан эса "Капиталбанк" номи остида фаолият кўрсатиб келади. 2023 йилдан банк бевосита "Uzum" экотизими иштирокчиси сифатида фаолият олиб боради. Банк ўз фаолияти давомида асосан чакана хизматлар ҳамда кичик бизнесга хизмат кўрсатишга урғу бериб келади. Банк 2023 йилда соф фойдасини 77 фоизга оширган ва жами 1,67 трлн сўмни ташкил этган. Банкнинг жами капитали 1 январь ҳолати бўйича 4,2 трлн сўм, кредит портфели эса 26,5 трлн сўмга тенг.

"Трастбанк" хусусий акциядорлик банки

Рейтинглари "Fitch" — B, "S&P" — B+

Бошқарув раиси - Сардор Нормухамедов.

Кузатув кенгаши раиси: Тохир Шарипов ("ALUTEX" МЧЖ маркетинг бўйича бош мутахассиси).

Банк 1994 йилда "Трастбанк" акциядорлик биржа банки сифатида ташкил этилган. Ўзбекистондаги энг йирик хусусий банклардан бири ҳисобланади. Банкнинг 62,2 % акциялари жисмоний шахсларга тегишли. Хусусан, 24,6 % акциялар тадбиркор Дилмурод Парпиев ҳамда 21,9% акциялар тадбиркор Тохир Шарипов ҳисобига тўғри келади. Қарийб 35% акцияларга бир неча юридик шахслар эгалик қилади. Банкнинг умумий капитали 2,24 трлн сўмдан кўпроқни, кредит портфели эса 4,9 трлн сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу материалдаги банкларнинг "ишончлилик даражаси" очиқ маълумотлар асосида тузилган бўлиб, нисбий ҳисобланади. Мамлакатда фаолият олиб борувчи бошқа бир нечта банклар ҳам халқаро рейтинг компанияларининг баҳосига ҳамда барқарор молиявий кўрсаткичларга эга бўлиб, ушбу банклар ҳам "ишончли" ҳисобланади. Материалда фақат етакчи 10 та банк кўрсатилган бўлиб, ҳар йил якунидаги кўрсаткичларга кўра, маълумотлар янгилаб борилиши кўзда тутилган.

Муаллиф: Акбарали Омонтурдиев

Муҳаррир: Исмоил Туропов

×