Ўзмиллийбанк Лондон фонд биржасида навбатдаги халқаро облигацияларини жойлаштирди

Ўзмиллийбанк Лондон фонд биржасида навбатдаги халқаро облигацияларини жойлаштирди

27 июнь куни Ўзмиллийбанк икки траншдан иборат жами 411 млн АҚШ доллари миқдоридаги облигацияларни икки валютада Лондон фонд биржасида муваффақиятли жойлаштирди. Облигацияларнинг 300 млн АҚШ доллари 5 йил муддатга, 1,4 трлн сўми эса 3 йил муддатга қўйилган. Бу ҳақда банк мабуот хизмати Bankers.uz'га маълум қилди.

Ўзмиллийбанк облигацияларини халқаро инвесторлар диққатига Ўзбекистоннинг 2024 йил 21 май куни умумий қиймати 1,5 млрд АҚШ долларига тенг суверен халқаро облигацияларини илк бор 3 та валютада жаҳон молия бозорларида жойлаштирилганидан сўнг тақдим этди.

Облигацияларни жойлаштиришни муваффақиятли ташкил этиш мақсадида Ўзмиллийбанк томонидан етакчи глобал банклар-андеррайтерлар, юридик ва аудиторлик компаниялари жалб қилинди:

  • Банк-андеррайтерлар: JP Morgan (АҚШ), Citibank (АҚШ), Deutsche Bank (Германия), NATIXIS (Франция), Societe Generale (Франция), Standard Сhartered Bank (Буюк Британия), First Abu Dhabi Bank (БАА), Mashreqbank (БАА);
  • Аудиторлик компаниялар: Deloitte & Touche; Ernst & Young;
  • Юридик компаниялар: - Dentons ва Linklaters.

Шуни такидлаб ўтиш керакки, Ўзмиллийбанк Ўзбекистон тижорат банклари орасида биринчи булиб миллий валютада халқаро облигацияларни жаҳон молия бозорида оммавий тарзда жойлаштирди. Миллий валютада жалб қилинган маблағлар пировард мақсадда республика ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш учун турли тармоқларда лойиҳаларни молиялаштириш, замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш, хизматлар сохасини ривожлантиришга ҳамда улар натижасида аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга йуналтирилиши таъкидланди.

Ўзмиллийбанкнинг мазкур облигациялар транзакцияси Ўзбекистоннинг бошқа тижорат банклари ва корхоналари учун мезон (“benchmark”) бўлиб хизмат қилиши айтилди.

Маълумот учун, Лондон фонд биржаси 1801 йилда ташкил этилган бўлиб дунёдаги етакчи фонд биржаларидан бири ҳисобланади ва Буюк Британиянинг молиявий марказида жойлашган. Лондон фонд биржасида турли хил компанияларнинг акциялари сотилади ва сотиб олинади, бу компанияларга ўз бизнесини ривожлантириш учун маблағлар жалб қилиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзмиллийбанк Хитой давлат тараққиёт банкидан 2 млрд юань кредит линияси жалб қилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар:
×